Пискент тумани 1-сектор ҳудудидаги Файзобод маҳалласида янги мактабгача таълим муассасаси барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақида туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маҳаллада жами 430 нафар боғча ёшидаги болалар бўлиб, янги муассаса уларнинг 120 нафарини мактабгача таълимга қамраб олади. Замонавий, шинам ва ёруғ бинода болажонларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Олис ҳудудда табиий газ босими пастроқ эканлиги эътиборга олиниб, барча машғулот ва ётоқхоналарга иситувчи тўшамалар (иссиқ пол) ҳам солинган.

Боғчанинг очилиши маросимига ташриф буюрган туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев маҳалла нуронийлари, уй бекалари билан дилдан суҳбатлашди. Раҳбар ва маҳалладошлар ҳудудни янада обод қилишда яна қайси жиҳатларга аҳамият бериш кераклиги тўғрисида фикр алмашди. Отахонлар эл-юртга тинчлик, фаровонлик тилаб дуо қилдилар.

— Ҳудудда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш учун саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда, — дейди туман ҳокими ўринбосари Сарвар Ҳамдамов. — Файзобод маҳалласида 50 ўринли давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғча, мана бугун 120 ўринли давлат муассасаси фаолият бошлади. Шунингдек, Қашқадарё қишлоғида ҳам давлат-хусусий шерикчилик асосида 90 ўринли яна бир боғча қурилмоқда.