Улар пойтахтимиздаги “International hotel” меҳмонхонасида ўтказилаётган фермер аёллар IV анъанавий форумида иштирок этмоқда. “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилган форум “Фермер аёллар: рақамлаштириш ва янги технологиялар — муваффақият омили” мавзусига бағишланди. Тадбирда дипломатик корпус вакиллари, халқаро ва жамоат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам қатнашди.
Тақдим этилган презентацияларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти салоҳиятини ошириш, рақамли савдо-фермер аёллар учун янги имкониятлар, маҳсулотлар логистикаси ва экспортини ташкил этишнинг янги имкониятлари, уларни интернет ресурслари орқали йўлга қўйиш истиқболлари, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг самарали лизинг ечимлари каби масалалар кенг муҳокама қилинади. Соҳада аёлларнинг ўрнини ошириш ҳақида сўз борди.
— Қишлоқ хўжалиги ҳам, аллақачон, инновацион соҳалар қаторига қўшилди. Маҳсулот етиштиришдан то ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни илм-фан ва замонавий технологиялар асосида олиб боришни даврнинг ўзи тақазо қилмоқда, — дейди “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова. — Хўш, бу жараёнда фермер аёлларнинг ўрни қандай деган савол туғилади. Соҳада инновацион технологияларни қўллашга аёлларимиз тайёрми? Агар таҳлилларга қарайдиган бўлсак, ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги корхоналарига раҳбарлик қилаётганларнинг умумий 10 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Бу жуда кам кўрсаткич, аммо фақат юртимиздагина эмас, дунё миқёсида шундай. Гап шундаки, аёлларимиз ердан, қишлоқ хўжалиги ресурсларидан эркакларга қараганда камроқ фойдаланишади. Шу боис, аёлларни соҳага кенгроқ жалб қилиш, уларнинг инновацион технологиялардан фойдаланиш кўрсаткичларини ошириш борасида қатор вазифаларимиз бор. Фермер аёлларимиз ҳам Барқарор ривожланиш мақсадларининг муҳим иштирокчиларига айланишлари, бунинг учун берилаётган имкониятлардан фойдаланишлари лозим. Бу орқали уларнинг катта ҳажмда жаҳон стандартларига мос қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришлари, экспортга чиқишларига эришамиз. Бугунги форум ана шу масалалар, муҳокамаларга бағишланди.
Маълумот учун, 1991 йилда ташкил этилган “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ўз сафларида 17 минг нафар тадбиркор аёлларни бирлаштирган. Ташкилотнинг 69 та худудий бўлинмалари ишлаб турибди. 200 нафарга яқин профессионал тренерлари тадбиркорлик асослари бўйича ўқув курсларида фаолият юритмоқдалар.
Бугунгача халқаро ассоциация томонидан мамлакатимизнинг қишлоқ ва шаҳарларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, гендер тенглигига эришиш, янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиётда аёллар салоҳияти ва инсон капиталидан тўлиқ фойдаланишга қаратилган 100 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган.