Чунки бу жараёнда нархлар фақат талаб ва таклиф асосида шаклланади. Бу, ўз навбатида, тадбиркорларнинг товар ресурсларидан эркин фойдаланиш имкониятлари кенгайиши, соғлом рақобат ривожланишига хизмат қилади. Яна бир муҳим жиҳати, тузилган битимлар бажарилиши кафолатланади ва бу иштирокчилар шартномавий интизомини мустаҳкамлайди.
Биржалар савдога қўйиладиган товар ва объектларга қараб турларга бўлинади. Валюта биржасида пул, фондда қимматли қоғозлар асосий ўрин тутса, товар биржасида хомашё ва маҳсулотлар унинг муҳим объектидир.
Мамлакатимизда биржалар тарихи ўтган асрнинг 90-йиллари бошига бориб тақалади. 1994 йилда ташкил этилган “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамияти айни пайтга келиб Марказий Осиёдаги энг йирик, МДҲ мамлакатлари ичида етакчи хомашё савдо майдончаларидан бирига айланди.
Соғлом рақобат платформалари
Президентимиз раислигида товар-хомашё биржасида савдоларни ва унда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, сўнгги уч йилда юртимизда биржа савдо айланмаси 2 баравар ўсиб, 90 триллион сўмга етган, сотиладиган товарлар сони эса 3 баравардан зиёдга кўпайган. 2019 йилда 200 турдаги маҳсулот сотувга қўйилган бўлса, бугунги кунда улар сони 627 тага етди.
— Товар бозорларида нархларни мўътадил ва барқарор ушлаб туришнинг энг самарали усули бозор воситалари ҳамда механизмларидан фойдаланиш ҳисобланади, — дейди “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ бошқаруви раиси Зиёвиддин Бадриддинов. — Биржа савдолари эса мана шу вазифаларни ўз зиммасига олади. Биргина ўтган ҳафта давомида, яъни 9 – 15 май кунлари биржамизнинг барча савдо платформаларида 2 548,8 миллиард сўмлик товарлар сотилди. Бу аввалги ҳафтадагига нисбатан 46 фоиз кўп. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 676,2 миллиард сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг қарийб 93,5 миллиард сўм маблағи тежалди. Бинобарин, ўтган йил йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар биржадаги очиқ-ошкора савдолар ҳисобига 8 триллион сўм қўшимча даромад қилди.
Республика товар-хомашё биржасида миллий ва хорижий компанияларнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган юқори ликвидли товар активлари, жумладан, қора ва рангли металлар, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар, шакар, ун, дон ва бошқа товарларнинг олди-сотдиси амалга оширилади. Айрим вазиятларда мамлакатда ички ишлаб чиқариш салоҳияти ўсиб бораётган талабни тўлақонли қондириш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда ушбу маҳсулотни импорт қилиш масаланинг ижобий ечимларидан бири, баъзида эса ягона йўли ҳисобланади.
Маҳаллий тадбиркорларимиз ушбу йўналишда ҳам биржада яратилган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиб келишяпти. Айни пайтда биржанинг халқаро савдо тармоғи турли мамлакатларда фаолият юритаётган 20 та хорижий савдо майдончасидан иборат бўлиб, улар орқали ортиқча сарсонгарчиликларсиз экспорт-импорт операциялари муваффақиятли амалга ошириляпти. Жорий йилнинг 4 ойида бу майдончалар ёрдамида 170 миллион долларлик маҳсулот сотилди. Шу билан бирга, 1 минг 200 дан ортиқ хорижий компания биржамизга катта ҳажмда ўз маҳсулотларини қўйишни бошлади.
Буни ўтган ҳафтада Жиззахда озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистонга биржа механизми орқали етказиб бериш мавзусига бағишланган амалий семинар ҳам яна бир карра тасдиқлади. Унда Қозоғистоннинг 20 га яқин йирик товар ишлаб чиқарувчиси, трайдерлари, юртимизнинг 50 дан зиёд йирик дон ва ун маҳсулотларининг улгуржи истеъмолчиси, шунингдек, брокерлар иштирок этди.
Тадбир давомида икки давлат бизнес тузилмалари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқалари ўрнатилиб, дон маҳсулотларини биржа технологияларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича амалий ишларни давом эттиришга келишиб олинди. Бу, ўз навбатида, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлашга қўшимча рағбат беради.
Президентимизнинг 2021 йил 17 мартдаги “Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, хорижий савдо майдончалари орқали мамлакатимизга олиб келинаётган ушбу маҳсулотларни темир йўл орқали ташишда ички тарифлар қўлланилмоқда.
Умуман олганда, мазкур қарор мамлакатимизда биржа савдолари ва электрон тижоратни янада ривожлантиришга катта туртки берди. Хусусан, 2022 йил январь-апрель ойларида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг ҳажми 2021 йилнинг тўрт ойига нисбатан 55 фоизга ўсиб, 38,3 триллион сўмни ташкил қилди.
Барча имкониятлар ишга солиняптими?
Президентимиз ҳузуридаги йиғилишда биржа савдоларини ташкил этиш, маҳаллий тадбиркорларнинг иштирокини кенгайтириш борасида муаммолар мавжудлигига ва уларни ҳал этиш масалаларига эътибор қаратилди. Негаки, биржа савдоларининг 85 фоизини 45 турдаги юқори ликвидли товарлар ташкил этмоқда. Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида биржа савдолари анча фаоллашгани ҳолда Сирдарё, Андижон ва Сурхондарёдаги корхоналарнинг биржа савдоларидаги иштироки пастлигича қолмоқда. Зангиота туманида 37, Кармана 24, Данғара ва Жомбой 17 турдаги маҳсулот биржага чиқарган бўлса, Андижон, Нурота, Қизириқ, Боёвут туманларида атиги 1 турдаги маҳсулот қўйилмоқда.
Шу муносабат билан мутасаддиларга маҳаллий маҳсулотларни биржага олиб чиқишни туман даражасига тушириш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.
– Мисол учун, 1 июлдан фермер ва кластерлар 500 минг тонна ғаллани биржа орқали сотади. Бу фермерлар учун 2 триллион сўм қўшимча даромад дегани. Лекин туман ҳокимларида фермер маҳсулотини биржага қандай олиб чиқиши, бу борада кимга мурожаат қилиши, яъни ишни қандай ташкил этиши бўйича аниқ режалар борми? Бу саволга бирорта ҳокимда ижобий жавоб йўқ, – деди Президентимиз ва янги тизимнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
Янги тизим бўйича ғалла етиштирувчи фермер ва кластерларнинг буғдойни биржага олиб чиқишнинг ойма-ой режаси ишлаб чиқилади. Уларнинг биржада рўйхатдан ўтиши ташкиллаштирилиб, Савдо-саноат палатаси туман бўлимида биржа савдо майдончаси ташкил этилади.
Айни кунда ғаллачилик соҳасида кутилаётган янгиликларнинг мазмун-моҳияти ва биржа савдоларида иштирок этиш тартибини тушунтириш мақсадида барча ҳудудларда Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси томонидан фермер ва кластерлар учун махсус ўқув семинарлар ўтказиляпти. Уларда мижозларни биржада рўйхатдан ўтиш, брокерлик хизматларидан фойдаланиш ва маҳсулотларни савдоларга қўйиш қоидалари ўргатиляпти. Фермер хўжаликлари ва кластер раҳбарлари мамлакатимизнинг ҳар бир туманидаги савдо майдончалари фаолияти билан танишишлари баробарида уларни аккредитациядан ўтказиш жараёнлари ҳам амалга оширилмоқда.
— Вилоятимиздаги 13 та туманнинг 4 минг 530 дан ортиқ фермер хўжалигида ғалла етиштирилади, — дейди “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖнинг Самарқанд ҳудудий филиали раҳбари Жўрабек Мақсудов. — Айна пайтда 9 та тумандаги барча фермер хўжаликлари ва кластер раҳбарлари билан учрашиб, ўқув семинарлар ўтказдик. Шу пайтгача 3 мингдан зиёд фермер хўжалигининг биржадан рўйхатдан ўтиши таъминланди. Бу жараён кейинги ҳафта охирига бориб якунига етади.
Биржамизнинг бугунги мавжуд электрон инфратузилмаси унинг савдоларида иштирок этишга чоғланаётган фермер хўжаликлари ва кластерларга ҳам, тадбиркорлик субъектларига ҳам замонавий хизмат кўрсатишни тўла таъминлай олади. Маҳаллий маҳсулотларни савдоларга чиқариш тартиби соддалаштирилади, жумладан, 1 июлдан биржада алоҳида истиқболли товарлар секцияси ташкил этилиб, маҳаллий тадбиркорларнинг ишлаб чиқарган маҳсулоти ортиқча ҳужжатларсиз сотилиши йўлга қўйилади. Энг яхши сотилган товарлар кейинчалик биржанинг асосий савдо платформаларига жойлаштирилади. Тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтиши билан бир вақтда биржада ҳам ҳисобга олиш тартиби жорий этилади. Уларнинг маҳсулотлари учун биржа тўловлари 2 баравар қисқартирилиб, фермерларга буғдойни биржага қўйганда гаров талаб этилмайди. Сотилган маҳсулотга биржа томонидан бир кунда тўлов амалга оширилади. Бунда фермерга тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини кафолатлаймиз.
Кутилаётган ўзгаришлар бозорнинг профессионал иштирокчилари, яъни брокер ва трейдерлар сонини кўпайтиришни тақозо этади. Хусусан, Самарқанд вилоятида айни кунда 62 та брокерлик идораси бўлиб, уларда 227 нафар трайдер фаолият кўрсатаётган бўлса, яқин истиқболда қарийб яна шунча трайдерга эҳтиёж бўлиши мумкин. Шу боис, бу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш ва ўқитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фермер, кластер ва бошқа савдо иштирокчиларини биржа савдолари ва брокерлик касбига ўқитиш бўйича доимий ўқув курслари йўлга қўйилади. Бунда махсус яратилган савдо симуляторларидан фойдаланилади ва малакали мутахассислар жалб қилинади. Бу борада вилоятимиз олий ўқув юртлари билан ҳам бевосита ҳамкорликда иш олиб боришни режалаштиряпмиз.
Маълумки, йиғилишда йил якунига қадар Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасидаги товар айланмасини 2 бараварга ошириш вазифаси қўйилди. Ҳудудларнинг биржа савдоларидаги иштирокини кенгайтириш бўйича ҳокимларнинг иш режаси билан танишиб чиққан Президентимиз ҳали аксарияти масалани ичига кирмаган, биржа нималигини билмайдиган туман ҳокимлари ҳам борлигини қайд этар экан, улар зиммасига тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг ишлаб чиқариш қувватларини таҳлил қилиш, аниқ тур ва миқдордаги маҳсулотларни биржага олиб чиқишга қаратилган ишларни фаоллаштиришни юклади.
Йиғилишда йил якунига қадар Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасидаги товар айланмасини 2 баравар ошириш вазифаси қўйилди. Президентимиз ҳудудларнинг биржа савдоларидаги иштирокини кенгайтириш бўйича ҳокимларнинг иш режаси билан танишиб чиқиб, ҳали аксарияти масаланинг ичига кирмаган, биржа нималигини билмайдиган туман ҳокимлари ҳам борлигини қайд этар экан, улар зиммасига тадбиркорлар билан учрашиб, ишлаб чиқариш қувватларини таҳлил қилиш, аниқ тур ва миқдордаги маҳсулотларни биржага олиб чиқишга қаратилган ишларни фаоллаштиришни юклади.
Янги тизимни татбиқ этиш бўйича, олдинда турган ва қисқа вақтда бажариладиган ишлар кўлами катта. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу фермер ва кластерларга мактаб, ҳокимларга эса синов бўлади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи