“Рўзибону” фермер хўжалиги бу борада амалий ёрдам кўрсатди. Маҳалла ҳудудида ҳомийлик асосида 4 хонали замонавий бино қуриб берди. Умумий қиймати 300 млн. сўм бўлган масканда ишчи-хизматчилар учун зарур бўлган қулай шарт-шароитлар яратилди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими янги бино учун замонавий мебеллар тўпламлари етказиб берди.
— Шу кунга қадар 78 та маҳалла фуқаролар йиғини янгидан қурилиб ишга туширилди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви раиси Баҳодиржон Юлбарсов. — Шунингдек, 224 тасида жорий таъмирлаш, 35 тасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ишчи-хизматчилар учун керакли бўлган қулай шарт-шароитлар яратилди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида фойдаланишга топширилган маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди 314 млн. сўмлик мебель жиҳозлари билан билан таъминлади. Бундан ташқари, замонавий шароитга эга бўлган яна 3 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирига умумий қиймати 50,3 млн. сўм бўлган 3 тадан компьютер жамланмалари етказиб берилди. Фонд кўмаги билан 289 та маҳалла фуқаролар йиғинларини коммунал тўловларидан 215,2 млн. сўм бўлган қарздорлиги қоплаб берилди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди аҳолини ижтимоий ва манзилли қўллаб-қувватлаш ишларига бош бўлмоқда. Шу кунга қадар 268 нафардан ортиқ фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатилди.
— Оиладаги тўрт нафар фарзанднинг тўнғичиман, — дейди Фарғона шаҳар “Ибрат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нодирбек Холматов. — Онам ногирон, дадам ишсиз. Топганимиз рўзғордан ортмайди. Уй-жойимизни таъмирлашда амалий ёрдам беришларини сўраб “Маҳалла” хайрия жамоат фондига мурожаат қилдик. Мурожаатимиз бесамар кетмади. Қурилиш учун зарур бўлган замонавий эшик, ром ва бошқа қурилиш ашёларини олишда кўмак кўрсатишди. Қишли-қировли кунлар арафасида бизга кўрсатилган амалий ёрдамдан миннатдормиз.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири