Пандемия шароити, буёғи қиш эшик қоқиб турибди... Бозорларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, захира яратиш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари олдимиздаги энг муҳим вазифалардан саналади. Бунда, албатта, уста деҳқонлар, фермерлар ва тадбиркорлар меҳнати, ёрдамига суянилади.
Шу маънода, фарғоналик масъул раҳбарлар, деҳқону фермерлар, тадбиркорлар ҳам озиқ-овқат захирасини яратиш, маҳсулотлар нархи барқарорлигини таъминлашга астойдил бел боғлаган.
Марказий Фарғона чўлининг қоқ маркази бир вақтлар қамишзор ва қаровсиз эди. Тўрт йилдан буён бу ерда сунъий кўллар ҳосил қилиниб балиқ етиштирилмоқда.
Замонавий технологиялар асосида балиқ етиштиришга ихтисослашган Олтиариқ туманидаги “Fargʼona baliq sanoat” МЧЖга Хитойдан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. Мажмуада инкубация цехи, омихта ем ишлаб чиқариш тармоғи, балиқни қайта ишлаш ва шок усулида музлатиш фаолияти йўлга қўйилади.
Лойиҳанинг йиллик қуввати 1000 тонна балиқ етиштириш ва 200 тонна балиқни қайта ишлашга мўлжалланган. Лойиҳани тўлиқ амалга ошириш учун Ёзёвон туманидаги Марказий сув омбори сунъий сув ҳавзаси мазкур корхонага доимий фойдаланишга берилди.
– Туманнинг Қизилтепа массивидаги 150 гектар майдонда сунъий кўллар ва сув ҳавзалари барпо этиш, жаҳон бозорида харидоргир балиқ турларини етиштиришни мақсад қилганмиз, – деди тадбиркор Мирзарасул Маматов. – Ўтган давр мобайнида чўлда замонавий техника воситалари ёрдамида қазиш, текислаш, қум барханларини жиловлаш ишлари олиб борилди. Асосан қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, боғдорчилик билан шуғулланамиз. Корхона томонидан 2020-2021 йилларда балиқ етиштириш ва балиқни қайта ишлаш инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг жами қиймати 32 миллиард 600 миллион сўм. Ҳозирги кунда биринчи босқич амалга оширилиб 100 гектар ер майдонида 20 та балиқ кўли ташкил этилди. Ушбу кўлларда сазан, амур, оқ-балиқ, бакрабалиқ, дўнгпешонакаби балиқ турлари етиштирилмоқда. Балиқ озуқасини ўзимиз ишлаб чиқарамиз. Шунингдек, йил охиригача маҳсулотни қайта ишлашни йўлга қўймоқчимиз. Бунинг учун Хитойдан ускуналар олиб келинган. Жорий йилда 500 тонна, кейинги йилда 1000 тонна балиқ етиштиришни режалаштиряпмиз.
Лойиҳа доирасида озуқа базасини яратиш, юқори оқсилли балиқ емини ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, лойиҳа ташаббускорлари томонидан кўлларда табиий шароит яратиш билан бирга зарур дармондорилар қоришмасидан иборат, илгари хориждан келтирилган гранулалар, балиқ еми ишлаб чиқаришга ҳам киришилди. Натижада бу ерда 30 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.