Дунёнинг энг обрўли брендлари, компаниялар иштирок этган «Micam» кўргазмада «Ўзчармсаноат» уюшмасига аъзо «San+One» бренди ўзининг 15 турдаги пойабзал моделлари билан иштирок этди. ЕИ ва Италиянинг баер ва дистрибьютерлари билан бўлиб ўтган мулоқотларда миллий брендимизни Италия бозорига олиб кириш ва маҳсулотлар савдосини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди. Хусусан, Италиянинг «Femon» компанияси «San+One» брендидан 2 000 минг жуфт эркаклар пойабзалларини харид қилишни бошлайди. Умумий ҳисобда 100 минг долларлик пойабзаллар тез фурсатда Италия савдо тармоқларида савдога чиқарилади.
«Simac Tanning Tech» халқаро кўргазмасида эса Ўзбекистон делегацияси йирик инвестиция шартномасини имзолади. «Bauce 1970» компанияси билан олиб борилган музокаралар натижасида чарм-пойабзал йўналишида Сурхондарёда амалга оширилаётган Ўзбекистондаги энг йирик кластер лойиҳаси энди Италия технологиялари билан тўлдирилади. «Bauce 1970» компанияси «Top Quality Brand» остидаги кластер лойиҳаси доирасида 5 миллион 200 минг евролик шартномани имзолади. Италия компанияси вакилининг сўзларига кўра бугунги кунда Ўзбекистон кластерларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратяпти.
Чарм-пойабзал йўналишидаги энг йирик кластер лойиҳаси «Top Quality Brand» корхонасини ташкил этишда техник кўмак кўрсатиш, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришда иштирокимиз бизни қувонтиради. Мен Италия компанияси вакили сифатида ишонч билан айта оламан, мазкур корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар тўлиқ Италия стандартларига мос келади. Маҳсулотлар эса хорижга экспорт қилинади. Бугунги имзоланган шартнома эса лойиҳани тез фурсатда ишга туширишнинг навбатдаги босқичи бўлди деди «Bauce 1970» компанияси савдо менежери жаноб Дорин Тибирна.
Европанинг чармсаноати ривожланган мамлакатларидан бири Испанияда ҳам бизнинг тайёр чарм маҳсулотларига талаб ортган. «Lineapelli» халқаро кўргазмаси доирасида Сирдарёда жойлашган «Peng-Sheng» компанияси Испаниянинг «Inter Leather» компанияси билан 2 миллион долларлик шартномани кўлга киритди. Эндиликда мамлакатимиз чармсаноатининг экспорт географиясига Испания ҳам қўшилди.
Шунингдек, ЕИнинг «Leather Working Group» компанияси «Ўзчармсаноат» уюшмасига аъзо корхоналарга халқаро сертификатларни беришни бошлайди. Бу эса миллий маҳсулотларимизнинг Европа бозорларида эркин сотилишини таъминлайди. Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, таълим, кооперацияни таъминлаш, ишлаб чиқаришда тажриба алмашиш каби йўналишларда ЕИнинг кўплаб ташкилотлари билан меморандумлар имзоланди.
«FIERA MILANO» доирасида бўлиб ўтган кўргазмалар хар бир иштирокчига фаолияти учун янги қувват, янги ҳамкорлар, янги ғояларни тақдим этди. Ҳар бир стендда Ўзбекистон билан ҳамкорликка шай бўлган халқаро брендлар билан келгуси режалар белгилаб олинди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.