Мазкур ташриф Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори молиявий кўмагида ташкил этилди.
Ўзбекистонлик меҳмонлар Финляндиядаги қатор ташкилот ва идораларда бўлиб, у ердаги маҳаллий давлат бошқаруви ва жамоат хизмати тизимини такомиллаштиришга доир илғор тажрибалар билан яқиндан танишди.
Дастлаб, делегация Финляндия шаҳар ва муниципалитетлар уюшмаси (AFCM)да Халқаро алоқалар бўйича менежер Лаура Парсама билан учрашди. Суҳбат чоғида маҳаллий бошқарувни ривожлантиришда уюшманинг роли, муниципалитетлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва қарорлар қабул қилишда ягона позицияни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
“Финляндия шаҳар ва муниципалитетлар уюшмаси фаолияти ҳақидаги маълумотлар биз учун жуда фойдали бўлди. Бу тажриба Ўзбекистонда шунга ўхшаш ташкилот тузиш жараёнида муҳим аҳамият касб этади”, — деди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков.
Шундан сўнг делегация аъзолари Молия вазирлиги ҳузуридаги “Фаровонлик хизматлари ҳудудларини бошқариш” бўлими (Department for Steering of Wellbeing Services Counties) бош маслаҳатчиси Маркку Мёлляри билан мулоқот қилди.
Суҳбат чоғида ижтимоий ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар — функцияларни ҳудудий даражада жамлаш, рақамли хизматларни кенгайтириш, хизмат сифатини тенглаштириш бўйича дастлабки натижалар ва янгиланадиган меъёрий-ҳуқуқий асослар муҳокама этилди. Мазкур тажриба Ўзбекистонда аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи самарали ва ҳисобдор маҳаллий бошқарувни шакллантиришга амалий ҳисса қўшиши таъкидланди.
Хельсинки шаҳар кенгаши 85 аъзодан иборат бўлиб, ҳар тўрт йилда сайланади. У стратегия, бюджет, солиқ ставкалари ва ривожланиш режаларини тасдиқлайди. Йиғилишлар очиқ ўтказилиб, жонли эфирда намойиш этилади.
15 аъзодан иборат шаҳар бошқармаси мэр ва тўрт нафар ўринбосар раҳбарлигида шаҳарнинг кундалик фаолиятини таъминлайди. 684 минг аҳоли ва 38 мингдан ортиқ ходимга эга Хельсинки 2025–2029 йилларга мўлжалланган стратегиясида очиқлик, фуқаролар иштирокини кенгайтириш, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосида хизматлар самарадорлигини оширишни устувор йўналиш қилиб белгилаган.
Делегация аъзолари Хельсинки шаҳар ижроия бошқармаси (City Executive Office) Маъмурий жараёнлар директори Антти Пелтонен билан учрашувда шаҳар бошқарувининг стратегик тузилмаси, шаҳар кенгаши ва бошқармаси (City Board)нинг ваколатлари, бюджет жараёнлари ҳамда назорат механизмлари ҳақида маълумот олди.
HAUS Давлат бошқаруви институти билан учрашув чоғида ушбу институтнинг Ўзбекистонда амалга ошираётган лойиҳалари ва келгусида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш нияти мамнуният билан қайд этилди.
Ташриф якунларига кўра, Финляндияда маҳаллий кенгашлар пропорционал сайлов тизими асосида шаклланиши, муниципалитетларни йириклаштириш сиёсати изчил амалга оширилаётгани таъкидланди.
“Финляндия тажрибаси маҳаллий бошқарувда ҳисобдорлик, фуқаролар иштироки ва молиявий барқарорликни таъминлашга йўналтирилган. Бу билим ва тажрибалар Ўзбекистонда маҳаллий бошқарувни такомиллаштириш ҳамда давлат хизматини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади”, — деди Элдор Туляков.