Соз ясаш санъати қадим-қадимдан устоз-шогирд анъаналари асосида авлоддан авлодга ўтиб келаётган номоддий маданий меросдир. Айни пайтда ҳам ўз услубига эга Қашқадарё созгарлари ноёб ҳунарларини янада сайқаллантириб, кейинги авлодларга етказишга ҳаракат қилмоқдалар.

Шундай созгар усталардан бири Шаҳрисабзда яшаб, ижод қилиб ўтган ҳофиз Абдулла Қодирий (Танбурий) ҳисобланади. У 1896 йилда Шаҳрисабздаги Ҳазрати имом маҳалласида, Мирза Абдулқодир қоровулбеги оиласида таваллуд топган. Ўз даврининг зиёли, маърифатпарвар кишиларидан бўлган Мирза Абдулқодирбек фарзандларига илм беришга, уларнинг тафаккурини янада кенгайтиришга, саводини мукаммал чиқаришга катта эътибор қаратганди. Ўзи мусиқа созларини тинглаш ва чалишга шинаванда бўлгани боис уйига кўплаб чолғучиларни таклиф этар, нафис мажлислар жону дили эди. Шоирлар, ҳатто машҳур хаттотлар ҳам бу хонадоннинг иззатли меҳмонлари бўларди. Мирза қоровулбеги хонадонида ҳатто моддий таъминотга эга бўлмаган машшоқлар ва дарвишлар учун ҳам алоҳида меҳмонхона ташкил этиб қўйилган бўлиб, ёш Абдулла уларнинг фаолиятини теран ҳис этиб улғайди. Болаликдан маънавиятли кишилар суҳбатидан баҳраманд бўлиб ўсган Абдулланинг кўнглида илм ва ижодга ҳавас эрта уйғонди.

Интилувчан, билим олишга чанқоқ ўспирин йигит 1914 йилдан бошлаб Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олди, хаттотлик санъати сирларини пухта эгаллади. Имкон топиб бухоролик ижодкорлар, мусиқа созлари усталари билан танишди, чолғу асбобларини ясаш сирларини ҳам ўзлаштира бошлади. У яшаган ҳужрада тинимсиз соз чалинарди.

Танбурчилик бобидаги маҳорати уни жадидчилик ҳаракатининг ёрқин вакилларидан бири, маърифатпарвар шоир Абдурауф Фитрат билан учраштирди. Абдулланинг илм-маърифат борасидаги мулоҳазалари ва маҳорат билан танбур ясашини кўп бор кузатган Фитрат унга Танбурий тахаллусини берган экан.

Танбурий Қарши шаҳрида тўгараклар ташкил этиш мақсадида чолғу асбоблари ясай бошлайди. Маҳоратини ошириб боргани боис кўп ўтмай у ясаган чолғу асбоблари тури 10 тага етди. Шундан сўнг янги сиёсий раҳбарлар Абдулланинг Москвада кўлга киритган дипломи ва мусиқа асбобларини ясай олиш маҳоратини эътиборга олиб, бадиий тўгарак ташкил этиш учун рухсат этдилар. Танбурий Қарши шаҳрида театр труппасини ташкил этиш мақсадида иқтидорли ёшларни чорлай бошлади. Труппа аъзолари орасида 2 нафар хотин-қиз ҳам бор эди. Труппа қатор концертлар ташкил этади.

Шундай кунларнинг бирида шўро амалдорларидан икки киши концертга ташриф буюриб, саҳнада роль ижро этиб турган хотин-қизларни ўзларига хизмат қилдириш истагини Танбурийга билдиришади. Бироқ Танбурий уларга рад жавобини беради. Зеро, труппа аъзоларининг ҳар бири унинг учун оила аъзосидек қадрли эди. Айнан шу дақиқадан эътиборан мулозимлар Танбурийни душман ҳисоблаб, қора рўйхатга киритишди ва имкон қадар тез фурсатда ундан қутулиш чораларини кўра бошлашди.

Нотинч замонлар эди. Бу воқеа содир бўлган куннинг ўзидаёқ НКВД ходимлари Танбурийни жадидчиликда айблаб, уни Сибирга сургун қилиш тўғрисида қарор ҳам чиқартиришди. Бироқ миршаблар орасида Абдулла Қодирийни қадрлаганлар ҳам бор эди. Шу боис, уни огоҳлантириш мақсадида шу туннинг ўзида Абдулланинг уйига боришиб, воқеадан хабар беришади. Бу хабарни эшитган Абдулла қочишни истамади, бошини баланд кўтариб жон беришни афзал кўрди. Бироқ унинг аёли Абдуллани қаерда бўлса-да, муҳими тирик қолишини, албатта, яхши кунлар келишини айтиб зорланади ва уни қочишга кўндиради. Абдулла Танбурий хору зорликда, оиласи, яқинларидан узоқда азобланиб йилларни ўтказди, бироқ ёруғ кунларга бўлган умиди асло сўнмади.

Танбурийдаги соз ясашга бўлган иқтидор ва истак шу қадар баланд эдики, қувғинда юрган кезларида ҳам чолғу асбобларини яширинча ясашда давом этди. У ўзини санъатсиз тасаввур этолмасди. Бироқ мусиқа асбобларини очиқчасига ясаш ва куй чалиш хавфли бўлганлиги боис, у янгича кўринишдаги, бир неча бўлакларга бўлиниб, тахланадиган йиғма танбур яратди. Бу бебаҳо санъат асарини у кенг яйловларга чиққан пайтларида хумори босилгунча куй чалар ва яна бўлакларга ажратиб, йиғиштириб оларди.

Бир неча йиллардан сўнг уйига қайтгач, у ўзбек чолғучилигида янгилик яратиш орзусида ўзига хос услубда икки нусхада ўзбек рубобини яратди. Рубобнинг бир нусхаси бугунги кунда авлодлари қўлида сақланиб келмоқда, иккинчи нусхасини уста Европада бўлиб ўтган халқаро конференцияга борган чоғида анжуман ташкилотчиларига совға тариқасида тақдим этган.

Абдулла Қодирий ҳаёти эндигина изга тушган кезларда дунёдан ўтди. Бироқ ўзидан бир мактаб қолдирди. Уста қолдирган мактаб авлодлари ва шогирдларига мерос қолди. Танбурийнинг фарзанди, таниқли соз устаси Иноят Қодирий ота касбини ардоқлаб, падари бузруквори руҳини шод этиб яшади. У бугунги кунга қадар уста-шогирд мактаби анъаналари давом этиб келмоқда.

Юртимизда минглаб танбурийлар қисмати шундай саргардонликда кечган даврлар тарихга айланган бўлса-да, бу армонли кунлар бизни огоҳликка чорлаб, озод ва ҳур кунларнинг қадрига етмоқликка ундайди. Бугунги кунда миллий маданиятимиз, миллий ҳунармандчилигимиз, жумладан, миллий чолғу асбоблари ясаш мактаблари қайта тикланиб, устоз-шогирд анаъналари равнақ топмоқда.

Президентимиз 2017 йил 17 ноябрда “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўрисида”ги қарорни имзолаганди. Мазкур қарорга кўра, 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш режалаштирилди. Оқсарой мажмуаси олдида Халқаро мақом санъати анжумани ўтказиш учун саҳна ва майдон, Мақом маркази ва музейи барпо этилиши, мақом фестивали сайил тарзида, маданият байрами сифатида ўтказилаётгани юртимизда миллий маданиятимизга нечоғли эътибор қаратилаётганига ёрқин далилдир.

Шу аснода Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилган Мақом музейи экспозициясида диёримизда яратилган турли мусиқа асбоблари ўрин олган. Уларни ясаш жараёнида усталар мақом куйларини қалблари орқали эшитиб, асбобни жонлантирганлар. Зеро, ушбу мусиқа асбоблари орқали аждодларимиз нафақат дунёвий, балки мажозий ва илоҳий оламни ҳам ҳис этганлар. Улар мерос қолдирган бу ноёб меросни ўрганиш ва тадқиқ этиш биз фарзандларнинг асосий вазифамиздир.

Дилнавоз РАҲМАТОВА,

Қарши давлат университети тузилмасидаги

“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори