Мамлакатимизда 704 та мактабда француз тили ўқитилади. Ҳозирда ушбу мактабларда 174 119 та ўқувчи таҳсил олади. Умумтаълим мактабларида жами 1906 та француз тили ўқитувчиси дарс беради. Француз тили дарсликлар охирги маротаба 2015 йилда янгиланган. Эндиликда ҳукумат қарори билан чет тиллари фанларидан халқаро нашриётлар томонидан ишлаб чиқилган дарсликларни олиб келиш жараёнлари доирасида хорижнинг француз тили дарсликларини ҳам умумтаълим мактабларига жорий етиш ишлари бошлаб юборилди.
Бугунга қадар Республика таълим маркази томонидан республикадаги француз тили ўқитиладиган мактаблар учун Франциянинг “Hachette Education”, “Didiyer FLE” ҳамда “CLE Internatsional” каби етакчи нашриётлари томонидан ишлаб чиқарилган дарсликларни олиб келиш ва мактабларда жорий қилиш мақсадида Франция нашриётлари билан учрашувлар ташкил этилди.
Жорий йиднинг 22 февраль куни Республика таълим марказида “CLE Internatsional” нашриёти вакили, жаноб П. Лириа билан учрашув ўтказилди. Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг таълим бўйича минтақавий атташеси, жаноб Серж Беллини бошчилигида ўтказилган учрашувда мазкур нашриётнинг “Zig Zag+” (1-4-синфлар учун), “Merci” ёки “Jus dʼorange” (5-9-синфлар учун) ҳамда “#LaClasse” (10-11-синфлар учун) дарслик мажмуаларини Ўзбекистонга олиб келиш, маҳаллийлаштириш ва умумий ўрта таълим мактабларида жорий қилиш истиқболлари ва имкониятлари ҳақида фикр алмашилди.
Нашриёт вакили юқорида номлари келтирилган ўқув-методик қўлланмаларни Ўзбекистонга олиб келиш ва умумий ўрта таълим мактабларида жорий қилиш бўйича ўз тақдимот ва таклифларини маълум қилди.
Хусусан, мазкур дарсликларни Ўзбекистон мактаблари учун тайёр ҳолда ишлаб чиқариш (маҳаллий мутахассислар томонидан маҳаллийлаштириш учун берилган таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда), арзон нарх ва сифатли кўринишда етказиб бериш ҳамда француз тили фани ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва узлуксиз методик ёрдам кўрсатиб бориш кабилар таъкидлаб ўтилди.
П. Лириа, шунингдек, белгиланган шартлар асосида ўқув-методик қўлланмаларни Ўзбекистонда нашр қилиш бўйича лицензия ҳам тақдим этилиши мумкинлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 февралида Марказда Франциянинг “Hachette Education” нашриёти вакили, 7-февралда эса “Didiyer FLE” нашриёти вакиллари билан учрашув ўтказилган эди.