Томонлар икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришдаги қўллаб-қувватлаш учун ўзаро миннатдорчилик билдирдилар. Элчи Ўзбекистоннинг стратегик тармоқларида француз компанияларининг иштироки ортиб бораётганини, бу инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси эканлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, сўнгги тўрт йил ичида мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланган, ўзаро савдо ҳажми тўрт баравар ошиб, биринчи марта $1 миллиардлик маррани ортда қолдирди. Ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шу жумладан, жорий йил охиригача Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ташкил этиш режалари муҳокама этилди.
Инвестиция ҳамкорлигини муваффақиятли ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда кўрсатилган ёрдам учун Франциянинг MND ва SUEZ компанияларининг миннатдорчилиги билдирилди. TotalEnergies, Eiffage, EDF, Alstom ва Airbus каби корпорациялар иштирокидаги стратегик аҳамиятга молик ташаббусларни янада илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида вазир Лазиз Кудратов Аурéлиа Боучезга Ўзбекистон-Франция муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди ва унинг кейинги касбий фаолиятига муваффақиятлар тилади. Томонлар ҳамкорликнинг барқарор динамикасини сақлаб қолиш ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.