Франциядаги текстиль соҳасида фаолият олиб бораётган қарийб 2 200 та компанияни ўзида жамлаган Union des Industries Textiles таркибидан 23 та ҳудудий ва тармоқ бирлашмалари ўрин олган.

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда Франция текстиль саноати уюшмаси билан ҳамкорликда Европа бозорларига Фарғонада тайёрланган текстиль маҳсулотларини экспорт қилиш истиқболлари муҳокама этилди.

Иқболжон Эргашев меҳмонларга вилоятимизнинг экспорт салоҳияти, республика тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида Фарғона вилоятининг тутган ўрни ҳақида маълумот берди, нуфузли S&P Global Ratings рейтинг агентлиги томонидан вилоятнинг мустаҳкам молиявий индикаторлари ва юқори иқтисодий салоҳияти учун B+ «Барқарор» кредит рейтинги берилганини ҳам алоҳида қайд этди.

Яқинда халқаро «Cotton Campaign» коалицияси ҳамда жаҳондаги машҳур брендлар томонидан Ўзбекистон пахтаси ва текстиль маҳсулотларига нисбатан илгари ўрнатилган бойкот бекор қилинганига тўхталган вилоят ҳокимининг ўринбосари, бу Европа Иттифоқи бозорига тайёр текстиль маҳсулотларининг киришига ва экспортини кенгайтиришга катта имкониятлар очганини таъкидлаб, Франция текстиль саноати уюшмаси билан ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли бўлишига ишонч билдирди.

Норбер Блан Фарғонада ишлаб чиқарилган ип-калава ҳамда бўялган матоларни Францияга экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди. Шунингдек, Фарғонадаги олийгоҳларда текстиль йўналишида Франция ОТМлари билан биргаликда қўшма факультет ташкил этиш ва унда замонавий технологиялардан самарали фойдалана оладиган мутахассисларни тайёрлаш масаласида ҳам ҳамкорликда иш олиб боришга келишилди.

Тўқимачилик соҳасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларни ривожлантириш борасидаги имкониятлар муҳокамаси ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олди. Учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича келгуси чора-тадбирлар белгилаб олинди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.