Учрашувда Ўзбекистонда маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
«École de Chaillot» директори Бенуа Мелон мактаб тарихи, унинг мақсад ва вазифалари тўғрисида тақдимот қилди.
Унинг айтишича, мактаб 1887 йилда ташкил этилган ва ҳозирги пайтда ушбу таълим муассасасида 10 та мамлакатдан 130 нафар талаба таҳсил олмоқда. Мактабда 110 дан ортиқ ўқитувчи, архитектор ва профессор фаолият юритади. «École de Chaillot» маданий мерос ва архитектура ёдгорликлари ва объектлари соҳаси бўйича олий таълимдан кейинги даража дипломини беради. Бундан ташқари, мазкур муассаса жамоат архитектори ва шаҳарсозлик йўналишида ҳам юқори малакали кадрлар тайёрлайди. Мактаб маданий мерос ва архитектура объектларини сақлаш, консервация ва реставрация қилиш соҳасида 30 дан ортиқ мамлакатда халқаро лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
“École de Chaillot” мактаби ўқитувчиси Элса Риконинг 2021 йилда «Шаҳрисабз тарихий маркази» регенерация ва мастер-план лойиҳаси бўйича экспертлар миссиясида иштирок этган.
Француз томони ўзбек меъморчилик ва тарихий биноларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, биргаликда кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳаларида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, шаҳарсозлик нуқтаи назаридан маданий мерос биноларини бошқариш ва ердан фойдаланишни режалаштириш, шаҳар меросини муҳофаза қилиш, тарихий марказларни бошқариш ва кадрлар тайёрлаш йўналишларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш мумкинлиги таъкидланди.
Учрашув якунида «École de Chaillot» ва Ўзбекистоннинг тегишли архитектура институтлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, француз мутахассислари иштирокида семинар-тренинглар ташкил қилиш, шунингдек, «Шаҳрисабз тарихий маркази» регенерация ва мастер-план лойиҳасига ушбу мактаб мутахассисларини жалб этишга келишиб олинди.