Ташриф доирасида Бурж шаҳри мэри Янн Галу, Халқаро бирдамлик ва таълим уюшмаси (A.S.I.E) президенти Филип Бурсо, «Centraider» уюшмаси раиси Рено Метр, A.S.I.Eнинг Ўзбекистонга амалга оширилган миссияси вакиллари, «RCF» радиоси ва «Le Berry Republicain» газетаси таҳририяти ходимлари билан учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, «2016-2021: Янги Ўзбекистон: Анъаналар ва замонавийлик ўртасида» номли конференция ва ватандошимиз Ҳулкар Юнусованинг «Хабар» номли кўргазмасининг очилиш маросими ташкил этилди.
“Дунё” АА мухбирининг хабар беришича, Бурж шаҳри мэри Янн Галу Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо бериб, республикамиз минтақаларидан бири билан ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини билдирди. Шаҳар мэри Бурж тарихда Франция марказларидан бири бўлганини таъкидлаб, бугунги кунда мазкур шаҳар чорвачилик, вино ва дон маҳсулотлари етиштириш бўйича етакчи эканини маълум қилди. Бундан ташқари, шаҳарда темирга ишлов бериш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, шиналар ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалар ривож топган.
Учрашув якунида Бурж ва Ўзбекистон шаҳарларидан бири билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш юзасидан келишувга эришилди.
A.S.I.E президенти Филип Бурсо уюшманинг Ўзбекистонда лойиҳалар амалга оширишга қизиқиши юқори эканини маълум қилди. Пандемияга қарамасдан жорий йилда қатор лойиҳалар ва Ўзбекистонга француз вакилларининг сафарлари ташкил этилганини мамнуният билан таъкидлади. Жумладан, 2021 йил давомида кулолчилик, Оролбўйи ҳудудларида француз томони кўмагида шудрингдан ўсимликлар учун сув олиш бўйича намунавий ускуналар ўрнатиш, Наманган вилоятида кичик вольтли электр энергияси ишлаб чиқариш ускунасини синовдан ўтказиш ҳамда ассоциация вакилининг Орол денгизи тарихи бўйича тадқиқотлар олиб бориш лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилди.
Мулоқотлар чоғида франциялик ўқитувчиларнинг Ўзбекистон таълим муассасаларида фаолият юритиши, француз талабаларининг миллий ҳунармандчилик устахоналарида тажриба алмашинуви ва экология соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириши бўйича бир тўхтамга келинди.
Бурж шаҳрида Вал-Луар маркази минтақаси «Centraider» кўп шериклик тармоғи президенти Рено Меттр билан ҳам учрашув ўтказилди. Музокаралар натижасида «Centraider» раҳбари Амударё ва Сирдарё оқава сувларидан тежамкор фойдаланиш технологияларини тадбиқ қилиш, Оролбўйи ҳудуди аҳолисини турмуш тарзини қўллаб-қуватлаш ва экологик мувозанатни тиклаш, Ўзбекистон томони буюртмаси асосида турли йўналишларда мутахассислар малакасини оширишга қаратилган тренингларни ташкил қилиш лойиҳаларини таклиф этди.
Элчихона делегацияси томонидан ушбу амалий сафар давомида, шунингдек, Бурж шаҳри маҳаллий ҳокимияти вакиллик органлари, сиёсий, иқтисодий, илмий доиралари вакиллари ва ОАВ иштирокида «2016-2021: Янги Ўзбекистон: Анъаналар ва замонавийлик ўртасида» мавзусида конференция ташкил қилинди.
Анжуман доирасида француз томонига юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳусусан, очиқ ташқи сиёсат, қулай бизнес ва инвестициявий иқлимни яратиш, демократия тамойиллари асосида фуқаролик жамиятни қуриш сингари масалалар тақдимот қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги икки томонлама муносабатлар янги ижобий тус олганига урғу берилди. Шу билан бирга, жорий йил 24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Президенти сайлови тўғрисида маълумот тақдим этилди. Бу сафарги сайлов илк бор 2019 йил 25 июнь куни қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ташкил этилиши алоҳида таъкидланди. Францияда бўлиб турган ватандошлар ушбу муҳим сиёсий тадбирда қатнашиб, ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланишга чақирилди.
Тадбир якунида ватандошимиз Ҳулкар Юнусова ва Ўзбекистон замонавий санъат музейи вакилларининг «Хабар» номли кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур кўргазма Бурж шаҳри аҳолисида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев «RCF Berry» радиоси бош муҳаррири Шлое Бонне ва «Le Berry Republicain» газетаси мухбири Шарлотта Фрела учун интервью берди.
Бундан ташқари, «Le Berry Republicain» газетасида «Ўзбек миллий таоми – ош», «Ўзбек санъати бўйича кўргазма Бурж шаҳрининг Жак Кер саройида бўлиб ўтди» ва «A.S.I.E Ўзбекистонни фестивалга таклиф қилди: Буржда кўргазма ва конференция бўлиб ўтди» номли мақолалар чоп этилди.