Унда қайд этилишича, фуқаро М.М. субсидия асосида Наманган вилояти Давлатобод тумани “Юксалиш” МФЙда янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан олиш мақсадида туманидаги тижорат банкига мурожаат этган. Банк томонидан мурожаат ўрганиб чиқилиб, ҳужжатлардаги айрим камчиликлар бартараф этилиши тушунтирилган.

Шундан сўнг, мурожаатчи томонидан банк ходимлари айтиб ўтган камчиликларни бартараф қилиниши ва сўралган ҳужжатларни тақдим этишига қарамай, тижорат банки томонидан фуқарога шу кунга қадар кредит ажратиб берилмаган.

Истеъмолчи банк ходимига кредит ўз вақтида ажратилмаса, қурилиш фирмаси билан субсидия асосида олди-сотди шартномасини туза олмаслиги ва субсидия муддати тугашини маълум қилган бўлсада, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.

Мазкур мурожаат Федерациянинг Давлатобод туман жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши натижасида истеъмолчига тижорат банки томонидан 176 миллион сўм кредит ажратиб берилишига эришилди.

Яна бир мурожаат, Ғаллаорол тумани “Лалмикор” қўрғонида яшовчи фуқаро Сардор Тугизбоев томонидан келган бўлиб, “Лалмикор” қўрғони ҳудудидаги маиший техника савдо дўконидан жами 4 миллион сўмга “Artel” русумли совутгич харид қилган, бироз вақт ўтиб эса музлатгич носозлиги маълум бўлган. Истеъмолчи сотувчига махсулотни бошқа сифатлисига алмаштиришни сўраган бўлсада, сотувчи  турли баҳоналар орқали алмаштириб беришдан бош тортган.

Мазкур мурожаат Федерациянинг Ғаллаорол туман жамияти томонидан ўрганилиши натижасида, музлатгич учун тўланган маблағ истеъмолчига қайтарилди.