Яъни, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

24 октябрь - Ўзбекистон Республикаси президентилиги учун сайлов кунида сафарда ёки қатъий тартибли меҳнат фаолиятида бўладиган минглаб фуқароларимиз айни дамларда муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан кенг фойдаланишмоқда.

Мухлиса Иброҳимова Фарғона туманининг Водил қишлоғида истиқомат қилади. Турмуш ўртоғи эса айни дамларда Москва шаҳрида. Мамлакатимизнинг 2016 йилдаги Ўзбекистон Президентлиги учун сайловларда оиласи билан бевосита иштирок этган Мухлиса жорий йил 24 октябрь кунги навбатдаги сайловларда иштирок эта олмайди. Чунки у турмуш ўртоғининг ишларига кўмаклашиш учун 23 октябрда сафарга отланган. Шунинг учун у муддатидан аввал овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш учун ўзи ҳудудидаги 1091-сайлов участкасига келди.

— Хорижда кўп сафарларда юрганим учун мен Ватан қадрини жуда яхши ҳис этаман. Оиламизнинг барча аъзолари шундай фикрда, — дейди Мухлиса Иброҳимова. — Шунинг учун ўз мамлакатим тақдирига умуман бефарқ эмасман. Сиёсий жараёнлар ва юртимизда бўлаётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб бораман. Хорижга учадиган самолётимиз айнан 23 октябрга тўғри келди. Бугун эса муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқимдан фойдаланиб ўзим танлаган номзодга овоз бердим. Турмуш ўртоғим эса Москвадаги консулликда овоз беради.

Сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари кўрсатилган ариза асосида участка сайлов комиссиясига мурожаат қилади, ҳамда сайлов бюллетенини олиб, овоз беришини амалга оширади. Аризага ҳеч қандай қўшимча маълумот талаб этилмайди.

Айни дамда 1091-сайлов участкасида юзга яқин фуқаролар олдиндан овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланувчилар сифатида рўйхатга олинган.

— Фарғона туманининг Давлат хизматлари марказида жойлашган 1091- сайлов участкасида юзга яқин фуқаролар олдиндан овоз беришлари учун рўйхатга олинган, — дейди - 1091-участка сайлов комиссияси раиси Абдумалик Қўшақов. — Айни кунларда 76 нафар юртдошларимиз олдиндан овоз беришиб хорижга йўл олишди.

Замон шиддат билан ривожланиб боряпти. Фуқароларда эса вақт тиғиз. Оилавий ташвишлар, иш ва юмушлар барчамизни бирдек банд қилган. Фуқароларимизнинг конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишда олдиндан овоз бериш усули эса юз минглаб фуқароларимизнинг сайлаш ҳуқуқларидан мукаммал фойдаланиш имконини беради.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Сайлов участкаларида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз беришни 20 октябрга қадар давом этади.

Элёржон Эҳсонов.