Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бугун барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифасига айланиб улгурди. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон ҳуқуқи, унинг манфаатлари ётади. Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармасида ҳам ушбу вазифага алоҳида эътибор билан қаралади.

Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилнинг ўган олти ойида Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилоят бошқармасига жами 760 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 341 таси виртуал қабулхона орқали, 419 таси эса бевосита жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган.

Ушбу мурожаатларнинг 668 таси кўриб чиқилган ва 270 таси (40%) қаноатлантирилган, 373 та (55,8%) мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 12 таси (0,1%) кўриб чиқиш учун тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган, 10 таси (0,1%) кўрмасдан қолдирилган бўлса, 3 таси (0,04%) рад этилган. Шунингдек, 92 та мурожаатлар (12%) ўрганиш жараёнида қолган.

Кўриб чиқилган мурожаатлар хусусиятига кўра таҳлил қилинганда, 668 та мурожаатдан 510 таси (76,3%) Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига оид, 158 таси (23,7%) эса соҳага тааллуқли бўлмаган мурожаатларни ташкил этади.

Мурожаатларни кўриб чиқишда биринчи навбатда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қаноатлантиришга, уларга амалий ҳуқуқий ёрдам беришга алоҳида эътибор берилди.

Хусусан, Ўрта Чирчиқ тумани, “Адолат” маҳалла фуқаролар йиғини Матонат кўчасида истиқомат қилувчи  фуқаро Д.И. жорий йилнинг май ойида турмуш ўртоғи билан никоҳдан ўтмаганлиги боис 2 нафар фарзандига  туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ололмаётганликларини билдириб, шу масалани ҳал этишда амалий ёрдам беришни сўраган. Мурожаат муаллифига дастлаб Ўрта Чирчиқ туман ФҲДЁ бўлимидан никоҳдан ўтиш учун ариза бериши лозимлиги тушунтирилди ва ота-онанинг никоҳи туман ФҲДЁ бўлимида қайд этилди. Шундан сўнг фарзандларининг туғилганлик  тўғрисидаги гувоҳномаларини расмийлаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам ўз ечимини топди.

Оққўрғон тумани, “Ҳосилдор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н.А.нинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ишонч телефони” орқали қилган мурожаати ҳам ҳал этилди. Унда фуқаро 2010 ва 2020 йилларда туғилган фарзандларининг ҳужжатлари тўлиқ бўлмаганлиги ва шахсий муаммолари боис, фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар ололмаганлигини билдирган. Оққўрғон туман ФҲДЁ бўлими томонидан фуқаро Н.А.нинг ёлғиз она ҳақидаги аризасига асосан ҳар иккала фарзандига ҳам туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштириб берилди.

Зангиота тумани, Ҳаракат маҳалласида истиқомат қилувчи А.Р.
2015 йилда туғилган фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаш юзасидан амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ишонч телефони”га мурожаат қилган. Бошқарма мутахассислари томонидан мазкур мурожаат атрофлича ўрганилиб, А.Р.нинг фарзандига тумандаги
 2-сонли МТМга йўлланма тақдим этилди.   

Шунингдек, Ўрта Чирчиқ тумани, “Қорасув” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи К.Д. кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан қилинган мурожаатида кадастр гувоҳномаси хато ёзилганлиги ва муддатидан ўтиб кетганлигини, анча вақтдан буён сарсон бўлаётганлигини билдирган.  Мазкур мурожаат ҳам назоратга олиниб, вилоят кадастр бошқармасининг масъул ходимлари орқали  яшаб турган уй-жойининг ҳужжатлари тайёрлаб берилди.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари томонидан қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари юзасидан қилган мурожаатлар мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда, дея маълумот беради ДХА Тошкент вилояти бошқармаси юрисконсульти Дилшод Шарапов.