Ҳозирги кунда дунёда кенг тарқалган COVID-19 инфекцияси сабабли қатор хорижий давлатлар томонидан бошқа давлат фуқаросини киритиш учун ушбу инфекция йўқлигини тасдиқловчи сертификат талаб этилмоқда.
Шунга мувофиқ, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тарзда кетаётган фуқароларни COVID-19 (ПСР) текширувидан ўтказишни ташкиллаштириш учун республиканинг барча вилоятлари тиббиёт муассасаларига танлов эълон қилган эди.
Танловга келиб тушган таклифлар комиссия томонидан кўриб чиқилиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Андижон вилоятида «Intermed innovation» МЧЖ, Тошкент шаҳрида «Tibbiyot dunyosi» МЧЖ тиббиёт муассасалари танлаб олинди.
Мамлакатимизнинг қолган вилоятлари тиббиёт муассасалари учун танлов қайтадан ўтказилади, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.