Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан кейинги йилларда юзлаб юртдошларимиз ана шундай мақомга эришди – Ўзбекистон фуқароси бўлди. Улар ҳаётида янги саҳифа очилди, ҳаёти жўшқинлашди. Бу янги Ўзбекистонимиздаги халқчил ислоҳотлар самараси эди.
Таъкидлаш жоизки, бугун ўтган 4 йилда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олган юртдошларимиз сони 17 мингга яқинлашди. Аслида улар ҳам биз каби ватанимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилмоқда, ҳалол ишлаб, рўзғор тебратмоқда. Бироқ фуқаролик олгунга қадар биз фойдаланган айрим ҳуқуқлар — имкониятлардан фойдалана олмаган. Уларда сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи бўлмаган, меҳнат қилгану роҳат топмаган, хорижга чиқиш орзу бўлиб келган. Айрим ҳолларда эса имкони бўла туриб туғишган жигарларининг, ота- онасининг дийдорини бориб кўра олмаган. Қанча тадбиркорлар ўз ишини кенгайтириш ва салоҳиятини ошириш мақсадида давлат банкларидан кредит олмоқчи бўлган-у, “фуқаролиги бўлмаганлиги учун” важи билан бу имтиёздан фойдалана олмаган. Бу ва бу каби бир қатор чекловлар, тақиқлар баъзан уларни қисиниб-қимтиниб яшашга маҳкум қилган. Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга татбиқ этилган фуқаролик масалаларига оид қонунчиликнинг такомиллаштирилгани эса уларнинг ҳаётидаги ана шу тўсиқни бартараф этди.
“Саволларимнинг жавоби бор эди, бироқ..."
Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 152-умумтаълим мактаби директорининг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари Аҳмаджон Турсинметов 1971 йили Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг рус тили ва адабиёти факультетида таҳсил олган. 1994 йили университетни битиргач, давлатга уч йил мажбурий ишлаб бериш учун Тошкент шаҳридаги 227-умумтаълим мактабида ўқитувчилик қила бошлади. Бироқ уч йил эмас, ўн икки йил шу мактабда ўқувчиларга рус тили ва адабиётидан сабоқ берди, ҳаётининг чиройли паллалари шу даргоҳда кечди: директор ўринбосари, мактаб директори лавозимига тайинланди. Бироқ мактаб раҳбари этиб тайинлангач, Аҳмаджон ака учун оғир ва синовли кунлар бошланди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмагани туфайли гоҳ ошкор, гоҳ пинҳон “мактаб директори лавозимига лойиқ эмаслиги” танқид қилинди. 2006 йили бундай тазйиқ лардан чарчаган директор ўз вазифасидан озод этишларини сўраб ариза ёзди.
— Ўқитувчилик ҳаётимнинг бир қисми эди. Шу боис, таълимдан кўнгил узиб кетолмадим, — дейди Аҳмаджон Турсинметов. — Яшнобод тумани халқ таълими бўлими давлат таълим стандартлари мониторинг бўлими инспектори сифатида ишимни давом эттирдим. Сўнг методистликка ўтказишди. Бироз муддат туман мактабгача таълим бўлимида ҳам ишладим. Янги ўқув йилидан эса 152-умумтаълим мактабида директор ўринбосари сифатида иш бошладим. Лавозим масаласи кўтарилган пайтда ҳар сафар мум тишлаб қолардим. Саволларимнинг жавоби бор эди, бироқ ошкор этилмасди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан биз ва биз каби фуқаролиги йўқ юзлаб юртдошларимиз Ўзбекистон фуқароси бўлдик. Фуқаролик олиш учун ҳужжатларимизни топширганимиздан сўнг дастлаб ўғлимга хушхабар келди. Бироздан сўнг мен, 10 кунлик фарқ билан эса қизим фуқаролик олдик.
А.Турсинметов икки фарзандига яхши таълим-тарбия берди, элга қўшди. Ўғли Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтини тамомлаб, Hyatt Regency меҳмонхонасида ишлаяпти. Қизи эса мазкур институтининг 4-курс талабаси.
“Отам ва акамни сўнгги йўлга кузатолмаганим — энг катта армоним”
Сирдарёлик Мўминхўжаевлар хонадонида кетма-кет оиланинг 3 аъзосига фуқаролик берилди. Оилабоши Мўминхўжа Мўминхўжаев қўшни Қирғизистон Республикасида туғилган. Марғилон ҳисоб-кредит техникумида таҳсил олган. Айни пайтда Сирдарё вилояти санитария-эпидемиология осойишталик марказида ҳисобчи.
— Техникумда ўқишни тугатгач, ўз хоҳишимиз билан Сирдарёнинг Боёвут туманида яшаб қолдик. Биз оилада 11 фарзанд эдик. 5 нафаримиз Ўзбекистонда яшаймиз, ота-онамиз ва қолган жигарларимиз Қирғизистонда эди. Дастлаб отам, 3 йилдан сўнг акам ёруғ дунёни тарк этди. Фуқаролигим йўқлиги сабабли уларни сўнгги йўлга кузатолмадим. Бу — энг катта армоним.
Бу ерда тўкис ҳаёт кечиришимиз учун барча шароит муҳайё. 2005 йили томорқамизнинг 2 сотих жойида иссиқхона ташкил этиб, помидор ва бодринг етиштиришни йўлга қўйдик. Ўзимиздан ортиб, қўни-қўшни, маҳалла-кўйни ҳам маҳсулот билан таъминладик. Меҳнатимиз туфайли хонадонимизга барака кирди: рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. Кичкина жойдан мўмайгина даромад қила бошлагач, иссиқхона жойини 5 сотихга кенгайтирдик. 2014 йили эса 30 туп лимон кўчати келтириб экдик. Бу кўчатлар 3 йилда ҳосилга кирди. Бироқ бу иссиқхонани кенгайтириш, замонавий технологиялар билан таъминлаш учун қўшимча маблағ керак, бунинг учун банкдан кредит олишимиз лозим эди. Афсуски, фуқаролигимиз йўқлиги учун истагимизни амалга ошира олмадик.
Фуқаролик олган Мўминхўжа ака зудлик билан “Туронбанк”ка ҳужжат топширибди. Айни кунларда тадбиркорлигини ривож лантириш учун астойдил бел боғлаган. Бундан ташқари, хонадон томорқасида 100 тупдан ортиқ анор ҳосилга кирган, 60дан ортиқ парранда парвариш қилинмоқда.
Бугун мамлакатимизда ҳар бир соҳада мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Барчасининг замирида халқимиз тўкис ва фаровон яшасин, деган мақсад намоён. Одамлар орасида улар билан тенг ҳуқуқли бўлиб яшаш имтиёзи ҳам ана шундай эзгу ишларнинг энг яхшиларидан биридир