Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 15 йил давомида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда туриб яшаб келаётган шахсларни Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тўғрисидаги таклифлари фуқаросизликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг узвий давоми ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида фуқаролик қонунчилигидаги ўзгартиришлар уни мукаммаллаштириш ва соддалаштиришга, шунингдек, фуқароликка доир шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Шу билан бир қаторда, миллий фуқаролик қонунчилигини ривожланиши ва доимий равишда такомиллашиб бориши зарурлиги, мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда рўй бераётган ислоҳотлар эканлигини таъкидлаб ўтиш зарур.
Бугунги кунда фуқаролик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан Республикамизда фуқаролиги бўлмаган шахсларда фуқароликни олишда айрим қийинчиликларга дуч келмоқда эдилар.
Энди мазкур Қонун билан қийинчиликлар бартараф этилмоқда.
Мазкур ҳужжат 2021 йил Давлат дастури ижросига мувофиқ ишлаб чиқилган. Қонун билан «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Қонуннинг асосий қоидалари қуйидагилардан иборат:
Хусусан, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва муқаддам чет давлат фуқаролигига эга бўлмаган шахсларни, шунингдек, ўн беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида яшаб келаётган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш механизмлари яратилади.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, фуқароликни тан олиш институти мутлақо янги институт бўлиб, МДҲга аъзо давлатларнинг қонунчилигида назарда тутилмаган, бир сўз билан айтадиган бўлсак, мамлакатимиз ҳудудида ўн беш йил давомида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олишни, қонуний асосларга мувофиқ, тўғридан-тўғри фуқаролик олишни ҳуқуқий асослари яратилади ва ўн беш йил доимий яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини умумий тартибда қабул қилиш учун илтимоснома билан мурожаат қилиш зарурияти қолмайди.
Натижада, юридик фактни суд тартибида тасдиқлаш орқали, фуқаролик масалалари бўйича шикоят қилувчи шахсларнинг эътирозлари камаяди;
фуқаросизликни қисқартиришни аниқ амалга ошириш асносида Ўзбекистон Республикасининг халқаро имиджи янада мустаҳкамланади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикасида Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.