Бу ҳақда вилоят ҳокимининг текстиль соҳаси корхоналарига мато бўяш линияси учун ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Туркиянинг «BENEKS» компанияси ҳаммуассиси Тунжай Бирбен ва маҳаллий ишбилармон, «Тантекс Групп» компанияси раҳбари Нодирбек Ҳошимов билан бўлиб ўтган учрашувида келишилди.
Режага кўра, ип йигиришдан бошлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача қамраб оладиган ушбу йирик текстиль мажмуасига дастлабки босқичда 23 миллион доллар инвестиция йўналтирилиб, 1 000 та янги иш ўрни яратилади. Бунда матоларни бўяш ҳамда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Иккинчи босқичда яна 12 миллион доллар инвестиция жалб қилиниб, янги йигирув фабрикаси барпо этилади.
Текстиль корхоналари учун бўяш ва пардоз бериш ускуналари ишлаб чиқаришда Туркиянинг етакчи компанияларидан бири бўлган «BENEKS», 1988 йилдан бери «Рақобат нархда эмас, сифатдадир» шиори остида фаолият юритиб келади. Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 75 фоиздан ортиғи экспортга йўналтирилади. AҚШ, Бразилия, Мексика, Ҳиндистон каби дунёнинг 15 та мамлакатида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам ўз ваколатхонасига эга. «BENEKS» компанияси 2019 йилда Туркияда «Машинасозлик соҳасида энг яхши инновацион ечим» мукофоти билан тақдирланган.
2017 йилда ташкил этилган «Тантекс Групп» компанияси пахтадан калава ип ҳамда трикотаж газламалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ихтисослашган бўлиб, 100 миллиард сўмдан ортиқ йиллик маблағ айланмасига эга. Компания маҳсулотларининг хорижга экспорт ҳажми 8,5 миллион долларга тенг. Москва шаҳрида жойлашган ўз савдо уйи орқали Россияга матолар экспортини амалга ошириб келади, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.