Ушбу учрашув CAFA Womenʼs Championship-2022 турнири ғолибини аниқлаб берувчи ўйин бўлгани сабаб мазкур баҳс иккала терма жамоа учун ҳам қийин кечди. Ўйиннинг 85-дақиқасига келибгина Мафтуна Шойимова ҳамюртларимизнинг ғалаба голини киритишга муваффақ бўлди.
Шу тариқа, CAFA Womenʼs Championship-2022 турнирида барча рақибларини мағлубиятга учратган Мидори Ҳонда шогирдлари 100 фоизлик натижа билан турнир чемпионлигини қўлга киритди. Эътиборлиси, футболчи қизларимиз турнир давомида рақиблари дарвозасини 20 маротаба ишғол этиб, ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолди.
2-ўрин 9 очко жамғарган Эрон аёллар терма жамоасига, 3-ўрин эса 4 очко жамғарган Қирғизистон аёллар терма жамоасига насиб этди.
Шунингдек, жамоамиз аъзоси Нилуфар Қудратова турнир тўпурари (5 та гол) ва мусобақанинг энг яхши футболчиси, дея эътироф этилди.
Маълумот учун: CAFA Womenʼs Championship-2022 турнирида Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси Тожикистон ҳамда Туркманистон аёллар миллий терма жамоаларини бир хил — 6:0 ҳисобида, Қирғизистон терма жамоасини 7:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.