Ўзбекистон ўсмирлар  терма  жамоаси  қитъа кубогининг чорак финал босқичида Саудия Арабистони терма  жамоасини  2:0 ҳисобида  мағлуб этди.  

Саудия Арабистони терма жамоаси дарвозасига голларни  ўйиннинг  иккинчи  бўлимида Оллоберган Каримов ва Дилшод Абдуллаев киритди.

Шу  ўринда  таъкидлаш керакки, ўйиннинг биринчи бўлимида ҳакам томонидан  Ўзбекистон дарвозасига ўн бир метрли жарима зарбаси белгиланди. Ушбу дуэлда дарвозабонимиз Муҳаммадюсуф Собиров ишончли ҳаракат қилиб пенальтини қайтарди.

Таиландда ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубогида чорак финал ғалаба қозонган яна  3 та жамоа ярим финалга чиқишдан ташқари, Индонезияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўл олди. Булар Эрон, Жанубий Корея ва Япония. 

Энди Осиё кубогининг ярим финал босқичида Жамолиддин Раҳматуллаев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон  ўсмирлар  терма  жамоаси  29 июнь куни Жанубий Корея терма жамоасига  қарши -майдонга  тушади.

Иккинчи ярим финалда эса Эрон ва Япония ўсмирлари  ўзаро беллашади.