Ҳодиса кеча, 23 май куни тахминан соат 17:00 ларда Китоб тумани «Боғбон» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсида содир бўлган.

Маълум қилинишича, 9 ёшли бола велосипед миниб кетаётган вақтда мувозанатини йўқотиб, дарёга тушиб кетган. Буни кўрган унинг акаси атрофдагиларни ёрдамга чақириб бақира бошлаган.

Болаларнинг овозини дарё яқинида истиқомат қилувчи Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходими, майор Ҳусниддин Шарапов эшитиб қолган ва зудлик билан дарёга сакраб, болани қутқариб қолган.

Ҳозирда бола уйида бўлиб, унинг аҳволи яхши экани айтилмоқда.

Маълумот учун, майор Ҳусниддин Шарапов Китоб туманидаги қутқарув қисмларидан бирида гуруҳ командири лавозимида хизмат қилади.