Кўкрак нишони билан биринчилардан бўлиб Ғафур Ғулом номидаги уй-музейи директори Олмос Аҳмедова ҳамда муассасанинг илмий ходими Лутфулла Илҳомжонов тақдирланди.

Адиблар хиёбонида ўтказилган тадбирда ТДЮУ раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилари, адабиётшунос олимлар, талабалар иштирок этди. Меҳмонлар Ғафур Ғулом ҳайкали пойида тўпланиб, улуғ адиб хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Шоирнинг адабий мероси ва ибратли ҳаёт йўлини чуқур ўрганишга доир фикрлар билдирилди.

Ғафур Ғулом ижодини кенг тарғиб этиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш бўйича Тошкент давлат юридик университети томонидан қилинаётган ишлар алоҳида эътироф этилди. Жумладан, олийгоҳда Ғафур Ғулом хонаси ташкил этилмоқда. Gafurgulommerosi.uz сайти ишга туширилди. Тез орада адиб ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиниб, унинг шу кунгача эълон қилинмаган асарларидан иборат тўплам нашр этилади.

Тошкент давлат юридик университети ва Ғафур Ғулом уй-музейи ўртасида меморандум имзонлангани ҳам ўзига хос воқеликдир. Унга кўра, университет муассасани оталиққа олди. Айни вақтда ҳамкорликда уй-музейнинг 3D форматидаги кўринишини яратиш устида иш олиб борилмоқда.

– Бундай ташаббус Ғафур Ғуломни жаҳон узра танитишга ёрдам беради, — қайд этди уй-музей директори Олмос Аҳмедова. — Юртимизда отамнинг ижодига юксак эътибор қаратилаётганидан бағоятда хурсандман. Бугун кўксимга тақилган Ғафур Ғулом номидаги кўкрак нишони қалбимни фахрга тўлдирди. Эзгу саъй-ҳаракатлари учун Тошкент давлат юридик университети жамоасига самимий миннатдорлик билдираман.

 Эслатиб ўтамиз, Ғафур Ғулом номидаги кўкрак нишони билан ўқиш ва ижодда фаол талабалар ҳамда ТДЮУ профессор-ўқитувчилари тақдирланади. Истисно тариқасида мукофот ҳамкор ташкилотлар вакилларига ҳам берилиши мумкин. Кўкрак нишони соҳиблари учун базавий ҳисоблашнинг уч баравари миқдорида пул мукофоти кўзда тутилган.

Тошкент давлат юридик университети

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими