Қабул қилинган низомда Жамғарма юридик шахс ҳисобланмаслиги ва унинг маблағлари «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг (кейинги ўринларда – Мажмуа) бюджетдан ташқари маблағларини сақлаш учун депозит ҳисобварағида жамланиши белгиланган.
Жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:
- Мажмуага ва унинг объектларига кириш учун чипталар сотишдан тушган маблағлар:
- Мажмуа мулкини ижарага беришдан тушган маблағлар;
- тижорат банкларининг депозит ҳисобварақларига жойлаштирилган вақтинчалик бўш турган маблағларга ҳисобланган фоизлардан тушган даромадлар;
- кўргазмалар ташкил этишдан ва бошқа хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар;
- ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга сарфланади:
- Мажмуанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш тадбирлари учун – 75%дан кам бўлмаган миқдорда;
- ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчиларини моддий рағбатлантириш бўйича тадбирларни молиялаштириш учун – 25%дан кўп бўлмаган миқдорда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган музейлар, уларнинг филиал ва бўлимлари рўйхатига (11.12.2017 йилдаги 975-сон ВМҚ билан тасдиқланган) қуйидагилар киритилди:
- Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси;
- Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуаси таркибидаги «Шон-шараф» давлат музейи.
Қарор Президентнинг 9.09.2020 йилдаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4820-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.