Болалигимдан машҳур гимнастикачи бўлишни хаёл қилганман. Олдимга катта-катта мақсадлар қўйдим. Маррага етиш учун меҳнатдан қочмадим, қийинчиликларга таслим бўлмадим. Спорт билан шуғулланишимиз учун етарли шароит йўқлигига қарамай, машғулотларда тобландик. Ҳозир ўйлайман: бугунги имкониятлар бизга аввалроқ берилганда, каттароқ натижаларга эришган бўлармидик?!
Бугун деярли ҳар куни бирор спортчининг ёки терма жамоаларимиздан бирининг муваффақияти ҳақида хушхабар эшитамиз. Натижалар ўз-ўзидан қўлга киритилмаяпти. Буларнинг бари — эътибор самараси. Кўнгилда истак бўлса, меҳнатдан қочмаса, спортчи ғалабага эришади. Бу табиий. Бироқ машғулотлар учун шароит, жаҳон чемпионатларида иштирок этиш учун имконият, бундан ташқари, давлатнинг спортчиларга руҳий қувват бериши муваффақиятга етишда муҳим омил.
Замонамизнинг ёшларига ҳавасим келади. Имконият излаб туман ёки вилоят маркази, пойтахт сари интилишга зарурат қолмади. Шундай тизим яратилдики, ёш авлоднинг спорт билан шуғулланиши учун эрта ёшдан эътибор қаратилмоқда. Нафақат шаҳар, балки олис ҳудудларда ҳам — маҳаллаларда, мактабгача таълим ташкилотларида замонавий машғулот хоналари мавжуд. Улар кичкинтойларнинг соғлом ўсиши учун керакли спорт анжомлари билан жиҳозланган. Мени ҳаммадан ҳам лол қолдирадиган жиҳат шуки, катта спортга илк қадамни маҳаллангиздан чиқмасдан бошлашингиз мумкин. Спорт майдончалари деярли ҳар бир турар жой ҳудудида очилди. Иқтидорли болаларни излаб топиш учун эса профессионал мураббийлар жалб этилган. Эҳтимол, ушбу мактаблардан, спорт тўгаракларидан чемпионлар етишиб чиқмас, бироқ уларнинг спорт билан шуғулланиши келажакда соғлом авлод сафи кенгайишига туртки бўлади, деб ўйлайман.
Ҳамиша барча шарт-шароит билан таъминланган гимнастика залимиз бўлишини, у ерда болалар спорт билан бемалол шуғулланишини, мамлакатимизда гимнастика юксак даражада ривожланишини истаганман. Бугун ҳар бир ҳудудда орзумиздаги шароит яратилган.
Шу ўринда гимнастикага қаратилган эътиборнинг юксак намунаси сифатида Президентимизнинг “Гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини мамнуният билан таъкидлашни истардим. Бу қарорни шахсан давлатимиз раҳбарининг спортни ривожлантириш, бадиий гимнастика бўйича ўзбек мактаби нуфузини ошириш, бу йўналишнинг узоқ вақтдан бери йўқолиб бораётган анъаналарини қайта тиклашга қаратган эътибори, деб биламан.
Бу қадам ўзбек гимнастикасининг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини юксалтиришга улкан умид бахш этади. Мен учун бу — шараф. Кундалик кичик орзуларимнинг кун келиб ҳақиқатга айланишини кутмагандим. Энди энг йирик халқаро майдонларда, жаҳон чемпионатларида, қитъа турнирларида, албатта, Олимпия ўйинларида Ўзбекистон байроғи ҳилпираб туришини кўришни орзу қиламан. Насиб бўлса, қанчалик иқтидорли, истиқболли фарзандларимиз борлигини намойиш этамиз.
Гимнастика мактабида турли даражадаги халқаро ва ҳудудий мусобақалар — Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, универсиадалар ҳамда бошқа кўплаб турнирларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги спортчилар тайёрлаш мақсад қилинган. Машғулотлар халқаро стандартлар даражасида ташкил этилади.
Яна бир гап. Мен Токио Олимпиадасида бутунлай бошқача натижа кўрсатишни истардим, аммо кутилмаган вазият зият юзага келди ва ғолиблар қаторидан жой олиш имконини қўлдан бой бердим. Аслида пухта тайёргарлик кўргандим. Олимпия ўйинларида яхши иштирок этишга ҳаракат қилдим, бироқ натижа мен истагандек бўлмади. Мағлубият аламини тотиш оғир. Сенга ишонган, қўллаб-қувватлаган меҳрли инсонлар истиқболига ғалаба билан чиқмаслик — изтиробли. Энг оғир дамларда Ўзбекистон халқи шу қадар илиқ ва кучли қўллаб-қувватлагани менга тўхтамаслик, таслим бўлмаслик, фақат олға интилиш учун куч ва ишонч бағишлади.
Давлатимиз раҳбари XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийлар билан учрашар экан, арзимас хизматимни: “Биз бундай афсонавий спортчиларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг жасорати, ғалабага бўлган иродаси ёш спортчилар учун ўзига хос юксак ютуқлар ва шон-шараф мактаби бўлиб хизмат қилади”, дея эътироф этди. Спорт гимнастикаси бўйича янги чемпионларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишимга ишонч билдирди. Ана шу вазиятда англадимки, менга ишонч билдириляптими, демак, ҳали бу йўлда давом этишим, халқаро майдонларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишим керак. Яна қаддимни ростладим.
Бугун ўз йўналишимда ғалабалар кутиб турганини ҳис қиламан. Йиллар ўтиб, ҳаракат қилмаганимдан афсусланмаслик учун кейинги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришга қарор қилдим. Шунинг учун биз тўрт йилликнинг кейинги муҳим баҳсларига тайёрланамиз ва олға интиламиз.
Гимнастика мактаби ҳам билдирилган ишончни оқлайди, деб умид қиламан. Зеро, бунинг учун шароит ҳам, имконият ҳам етарли. Биздан талаб қилинадигани — ҳаракатдан тўхтамаслик.
Оксана ЧУСОВИТИНА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози