Бугунги кунда ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда бозор тамойилларини, фан ва техниканинг илғор ютуқларини жадал жорий этиш, экологик тоза ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали деҳқонлар даромадини кўпайтириш борасида олиб бораётган тизимли ислоҳотлар тоборо чуқурлашиб боряпти.

Агробизнеснинг яхлит занжири

Бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил етиштиришни рағбатлантириш тизими жорий этилгани ўзининг ижобий самарасини берди. Ўтган йилим Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Тошкент, Хоразм вилоятларида ҳосилдорлик гектарига 65-67 центнерга етгани ана шундай янгича ёндашувнинг маҳсули бўлди. Энг муҳими, ўтган деҳқончилик мавсумида ғаллакорларнинг пешона терин билан 7 миллион 130 минг тонна ҳосил етиштирилган бўлса, унинг 3 миллион тоннаси деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолдирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 17 майдаги “2021 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон ҳосилини ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра,  ички бозорда дон ва нон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш мақсадида жорий йил ҳосилидан давлат ресурсларига товар ва уруғлик дон харид қилиш ҳажми тасдиқланди. Хусусан, давлат ресурслари учун жами 2 434 425 тонна товар ва уруғлик дон (шундан — 2 150 000 тонна товар дон, 284 425 тонна уруғлик дон) харид қилиш назарда тутилган.

Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этишни мувофиқлаштирувчи республика кенгашига жаҳон бозори конъюнктураси ва минтақавий биржаларда кутилаётган дон нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, дон ва ун маҳсулотлари нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш чораларини кўриш топширилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва тегишли идоралар 2022 йил ҳосили учун бошоқли дон экинлари уруғлигининг ўз вақтида ва сифатли жамғарилишини таъминлаши, шунингдек уруғлик ғаллани ўриш учун алоҳида ўрим-йиғим отрядларини шакллантириши ҳамда уруғлик доннинг алоҳида сақланишини ташкил этиши зарур.

Республикада жорий йил кузги бошоқли дон экинларидан 7 миллион тонна ортиқ дон етиштириш кутилаётган бўлса, 5 миллион тонна атрофидаги дон ҳосили ғалла етиштирувчи хўжаликларининг ўз эҳтиёжлари учун қолдирилади. Бу эса уларга етиштирилган донни ўзи ҳоҳлаган муддатда эркин нархларда сотиш имкониятини беради.

Ғаллачиликда ҳам ерни ҳақиқий эгасига бериш, айниқса, маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сотишгача бўлган агробизнеснинг яхлит занжирини ўз ичига қамраб олган кластер тизимини тўлиқ яратишга жиддий аҳамият қаратилмоқда. Жорий йилда 157 та ғаллачилик кластери 1 миллион 38 минг гектар, яъни юз фоиз майдонни қамраб олган ҳолда фаолият юритяпти.

Парваришлаш жараёнида мазкур кластерлар маблағлари ҳисобидан 1 марта тўлиқ занг касаллиги ва бегона ўтларга қарши курашиш, 5-6 марта барг орқали биостимуляторлар билан ишлов берилди.

Соҳа қандай молиявий қўллаб-қуватланади?

Маълумки, ғаллачиликни молиялаштириш бўйича ҳам янги тизим жорий этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг 2-иловасидаги “Буғдой етиштириш харажатларини кредитлаш тартиби тўғрисидаги низом”га мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ҳар йили эълон қилинадиган минимал нарх асосида ҳамда тупроқнинг балл бонитетига нисбатан норматив ҳосилдорлигини (центнер/гектар) ҳисобга олган ҳолда, белгиланш тартиби жорий этилди. Шартнома кучга киргандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмасдан қарз олувчига кредит ҳисобварағи очилади.

Тижорат банки қарз олувчи билан буғдой хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун тузган кредит шартномасига асосан,   Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси кредитлари ҳисобидан буғдой етиштириш харажатларини кредитлаш учун 12 ой муддат билан уруғлик қийматини ҳисобга олган ҳолда, ғалла ялпи ҳосили умумий қийматининг 40 фоизигача йиллик 10 фоизда, 50 фоизигача йиллик 12 фоизда (шундан банк маржаси 2 фоиз) қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз кредит ажратади.

Қарз олувчи кредитни шартномада белгиланган муддатда сўндирмаса, кредитнинг сўндирилмаган қисми тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади, мақсадсиз ишлатилган қисмига қўлланиладиган жарима миқдори шартномада белгиланади. Муддатидан олдин сўндирилган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловлари тижорат банки томонидан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан жамғармага қайтарилади.

“Ўзбекистон Республикаси Товар хомашё биржаси”даги ғалланинг харид нархлари бўйича таҳлиллар олиб борилди ва жорий йилнинг биринчи чораги давомида 3-синф 1тонна юмшоқ буғдойнинг минимал харид нархи 2 миллион 878 минг сўмни ташкил этмоқда.

Мавсумий тадбирлар масъулияти

Ҳозирги кунда 1 миллион 38 минг гектар суғориладиган майдонларда парвариш қилинаётган бошоқли дон экинлари бошоқлаш ва гуллаш фазасида ривожланмоқда. Етиштириладиган ҳосилдан 260, 2 минг тонна уруғлик дон тайёрлашучун 3 172 та уруғчилик хўжалигининг 90,6 минг гектар суғориладиган майдонида алоҳида парвариш қилинмоқда. Бунда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига мос келадиган, серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлган “Краснодар-99”, “Васса”, “Аср”, “Давр”, “Бунёдкор”, “Ғозғон” ва “Яксарт” каби навларидан асосий уруғлик дон тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида ғаллани азотли минерал ўғитлар билан учинчи озиқлантириш ишлари тўлиқ якунланди, мавсум бошидан ғаллани азотли ўғитлар билан озиқлантириш гектарига ўртача (физик ҳолда) 750 килограммни ташкил этди. Бу йилги об-ҳавонинг қулай келаётгани сабабли ғаллазорларда бегона ўтлар ҳамда “занг” касаллиги кўпайишига шароит яратяпти. Касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида 5 минг 284 та ОВХ ва пуркагичлардан самарали фойдаланилди.

Соҳа олимларининг илмий тавсияларига асосан, бегона ўтлар, касаллик ва зараркунандаларга қарши кимёвий препаратлар, биостимуляторлар билан биргаликда “тўртлик аралашма” ёрдамида ишловлар ўтказилди. Шунингдек, ҳар бир гектар ғалла майдонига ўртача 5 тоннадан жами 5,2 миллион тонна маҳаллий ўғит жамғарилиб, шарбат усулида суғориш ишлари олиб бориляпти.

Ғалла ўрим-йиғимида иштирок этадиган 3 417 та ғалла ўриш комбайнининг мавсумга тайёргарлиги ташкил этилган махсус ишчи гуруҳлар томонидан ўрганилиб, сертификат асосида қабул қилиб олинмоқда. Ўримни қисқа муддатларда нест-нобуд қилмасдан ўтказиш учун 2972 та отрядлар шакллантирилди.

Зоҳид ЗИЁДУЛЛАЕВ,

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг

ғаллачилик бошқармаси бошлиғи