Хусусан, “Ургуттумангаз” газ таъминоти бўлимининг мансабдор ходими ва мазкур ташкилотда муқаддам ишлаган шахс ўзаро тил бириктириб, маҳаллий МЧЖга қарашли ишлаб чиқариш цехига янги табиий газ тақсимлаш ускунаси ўрнатиш бўйича лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириш ва техник шарт рухсатномасини олиб беришни айтиб, эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилишган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида улар сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Кадастр агентлигининг Қашқадарё вилояти туманларидан биридаги бўлими бошлиғи маҳаллий фуқарога иссиқхона қуриш учун ажратилган 50 сотих суғориладиган ер майдонини бошқа шахс номига кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, сотиб олиб бериш эвазига муқаддам 11600 АҚШ доллари олган.
Аммо, мазкур мансабдор шахс берган ваъдасини бажармай, олган пул маблағи ҳисобидан 49,7 млн сўмни қайтариб берган вақтида унинг ноқонуний ҳаракати фош этилди.
Терговга қадар текширув давомида, у 11600 АҚШ доллари ҳисобидан қолган 89,5 млн сўмни ҳам жабрланувчига қайтариб берди.