Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг «Саҳоват ва кўмак» умумхалқ ҳаракати ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг фаол қўллаб-қувватланиши йўлидаги ҳаракат чақирувига лаббай дея, «Ҳудудгаз Бухоро» МЧЖ тасарруфидаги «Олоттумангаз» филиалида фаолият олиб бораётган 26 нафар ишчи-ходимнинг табиий офат натижасида зарар етган уй-жойларини таъмирлаш ва зарурий қурилиш материалларини етказиб бериш билан боғлиқ сарф харажатларни «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ўз зиммасига олди.

Айтиш керакки, «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти томонидан нафақат Бухоро, Самарқанд ва Навоий вилоятлари, балки бутун республика бўйича барча ҳудудлардаги ташкилий бўлинмаларнинг моддий-техник базаси, сон ва сифат жиҳатдан автотранспорт парки ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимлар малакасини замонавий талаблар асосида ошириб бориш кун тартибидаги асосий вазифалардан бири этиб белгилаб қўйилган. Бунинг натижаси ўлароқ, юртимиздаги табиий газ истеъмолчиларидан ташқари, суюлтирилган газ истеъмолчиларига ҳам сифатли хизмат кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда.

Юртимизда коронавирус пандемиясини олдини олишга қаратилган бугунги даврида барча ижтимоий аҳамиятга эга тармоқлар қатори газ таъминотининг ҳам ўрни беқиёслиги барчага аён. «Зангори ёқилғи» бугунги хаёт тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган.

Маълумки, COVID-2019 тарқалишининг олдини олиш учун карантин эълон қилиниши туфайли кўплаб улгуржи истеъмолчи ҳисобланувчи йирик саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти вақтинча тўхтаб, табиий газга бўлган талаб ҳам камайди. Бу эса табиий газ заҳираларини аҳоли истеъмолига йўналтирилишига ва газга бўлган талабни ортиғи билан қондирилишига сабаб бўлди.

 Бугунга келиб, республикамизнинг турли ҳудудларидаги 3 миллиондан зиёд аҳоли хонадонларидаги истеъмолчиларга суюлтирилган газ имтиёзли нархларда, 1 кг суюлтирилган газ нархи 1 120 сўм, 20 кг суюлтирилган газ ёки битта маиший газ баллон нархи жами 22 400 сўмдан етказиб берилмоқда.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, биргина карантин  даврида мамлакатимиз аҳолисининг суюлтирилган газ билан таъминланувчи қисмига режага кўра,  47,6 минг тонна етказилиши керак бўлган бўлса, амалда эса 49,5 минг тонна ёки режага нисбатан 1,9 минг тонна кўп суюлтирилган газ етказиб берилиши таъминланди. Бу билан эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11 минг тонна кўп суюлтирилган газ етказиб беришга эришилди. Мазкур ишларни амалга оширишда, акциядорлик жамияти ишчилари мамлакатимиздаги 3 миллион 200 мингдан зиёд аҳоли хонадонларига кириб, улардаги газ таъминоти масаласидаги аҳволни ўрганди.

Суюлтирилган газни етказиб беришда, энг аввало, аҳоли пунктларига қатновчи барча автотранспорт воситалари ва ҳар бир суюлтирилган газ баллони истеъмолчиларга етказилишидан аввал тўлиқ дезинфекция қилиниб, барча ходимлар махсус ҳимоя кийимлари ва мосламалари билан таъминланди. Улар томонидан аҳоли билан ишлаш жараёнида масофани сақлаш, ўзини ҳимоя қилиш ва бошқа санитария-гигиена қоидаларига амал қилинмоқда. Хонадонларга «айланма» усулда етказиб бериш ишлари эса аҳоли хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги ҳаракатдир.

Халқ билан бевосита мулоқот, истеъмолчиларнинг мурожаат ва муаммоларини ўрганиш ҳамда ечимини топиш борасида замонавий ва самарали усуллардан фойдаланилаётганини ҳам айтиш жоиз. Газ таъминоти бўйича аҳоли мурожаатларини қабул қилиш учун ижтимоий тармоқлар ҳамда барча мессенжерларда «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятининг расмий канал ва саҳифалари мавжуд бўлиб, истеъмолчилар тўғридан-тўғри мулоқот қилишлари мумкин. Шунингдек, 104 телефон рақами ҳам узлуксиз ишлаяпти.

Алишер Райимов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси тингловчиси.