Бундай вазиятда зўравонликдан жабр кўрган аёлларни реабилитация қилиш институтларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолияти давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 июльдаги қарори асосида йўлга қўйилганди. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 197 та шундай марказ фаолият юритмоқда. Республика маркази маълумотларига кўра, ўтган йилнинг декабрь ойигача 21 мингдан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинган. Шундан 986 нафари эркак, 788 нафари бола ва 19784 нафари аёл.
Бироқ, шу пайтгача марказларда зўравонлик бўйича вазиятни таҳлил қилиш учун комплекс маълумотлар йиғилмаган. Ваҳоланки, гендер бўйича статистикани ишлаб чиқиш ва уни таҳлил қилиш бу соҳада тенгликка эришиш усулларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, аниқ ва тўлиқ маълумотлар хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳақида жамиятни хабардор қилишга хизмат қилади. Бундай ахборотнинг мавжуд эмаслиги ушбу муаммони ҳал қилиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарасини баҳолашга имкон бермайди.
Ушбу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан Швеция элчихонаси кўмагида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда БМТ ТДнинг қўшма лойиҳаси доирасида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари учун статистик маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш бўйча электрон журнал ишлаб чиқилди. Бундай маълумотларни йиғиш Ўзбекистонда биринчи марта амалга оширилмоқда.
Ушбу журнал бир қатор хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асосида ишлаб чиқилди. Маълумотлар базасини шакллантиришда зўравонликдан жабр кўрган шахсларнинг аноним бўлиши лозимлиги ҳисобга олинди.
Август ойидан бошлаб шелтерларнинг ҳар бир минтақавий бўлими зўравонлик қурбонларининг мурожаатларидан келиб чиқиб тўлдиради. Ҳар ой охирида марказлар янгиланган маълумотларни республика реабилитация марказига юборади. Шу тариқа, гендер масалалари бўйича аниқ маълумотлар тўпланади.