Ушбу ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарор қабул қилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг мақсадлари доирасида «Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш»га оид вазифалар ишлаб чиқилди. 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олди.

Айни кунларда аёлларимиз барча соҳаларда оддий ишчидан тортиб мураккаб соҳаларда фаолият кўрсатяпти. Масалан, мамлакатимиз тарихида илк бор Сенат раислигига аёл киши – Танзила Норбоева сайланди. Маълумки, Норбоева хоним Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ҳам самарали иш олиб бора олган аёл раҳбар эди.

Умуман олганда, ўзбек аёллари аллақачон ҳар жабҳада тенг ҳуқуқли ва барча ишларни амалга ошира оладиган метин иродали аёл эканликларини амалда исботлаб бўлган.

Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси тизимида ҳам айни кунларда 400 дан ортиқ ходимларнинг қарийб 30 фоизини аёллар ташкил қилади. Эътиборли жиҳати шундаки, кўпсонли ходимлардан иборат тизимдаги катта жамоани айни кунларда тажрибали аёл раҳбар Раъно Бойқўзиева бошқариб келяпти. Тўғрисини айтганда, жамоат ишларидан тортиб лавозимга доир ишларгача аёлларимиз жуда катта масъулият билан амалга оширадилар. Масалан, шу уч ярим йил давомида аёл раҳбар бошчилигида 17 та замонавий Давлат хизматлари маркази, 10 та ДХМ шохобчалари фойдаланишга топширилди. Хизмат кўрсатиш сифати, замонавийлик, тезкорлик ва шаффофлик энг асосий тамойиллардан бирига айланди.

Гендер тенгликни таъминлашга ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони 8 тани ташкил қилади. Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни шулар жумласидандир.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугунги кунда дунё ҳамжамияти хотин-қизларнинг инсоният тараққиётида ўрнини тўғри англаган ҳолда халқаро механизмларни яратишга ҳам ҳаракат қиляпти.

Сохибжон Қодиров, ДХА Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари.