Хусусан, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилиниб, уни 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастурнинг 1-бандида “гендер аудит” тушунчасини ва уни ўтказиш тартибини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Шундан келиб чиқиб  “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилди, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Мазкур қонун лойиҳаси 4 та моддадан иборат бўлиб, унда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунга “гендер аудит” ва “комплекс гендер ёндашув”ни гендер тенгликни таъминлашнинг янги механизмлари сифатида киритиш таклиф этилмоқда. 

Шунингдек, “гендер аудитнинг вазифалари” ва “гендер аудитни ўтказиш тартиби” махсус моддаларда белгиланмоқда. “Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси” номи “Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси” номига ўзгартирилмоқда.

Ушбу комиссияга давлат органлари ва бошқа ташкилотларда гендер аудитни ўтказиш услубиётини белгилаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг гендер аудит соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарликни амалга ошириш, гендер аудит натижалари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш ва улар бўйича тавсиялар бериш каби ваколатлар берилмоқда.

Депутатларнинг айтишича, мазкур таклифларнинг қонунчиликка киритилиши хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш механизмларини кучайтиришга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.