Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) экспертлари, шунингдек, маҳаллий тадбиркорлардан иборат ўзбекистонлик мутахассислар гуруҳи Грузияда бўлиб, географик кўрсаткичлар (ГК) тизимини яратиш ва жорий этиш бўйича ушбу мамлакатнинг илғор тажрибасини ўрганди. Ўқув ташрифи ФАО ва Грузиянинг Қишлоқ тараққиёти ва қишлоқ хўжалиги сиёсати институти кўмагида ташкил этилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари географик кўрсаткичлардан фойдаланиш қандай қилиб сифатни кафолатлаши ва мижозлар ишончини қозониш билан бир вақтда маҳаллий бозорни кенгайтириш ва экспорт ҳажмини оширишга ҳисса қўшиши ҳақида маълумотлар олдилар.
Ташриф давомида Грузиянинг "Akhalkalaki Potato" (Ахалкалаки картошкаси) уюшмасида ҳам учрашув бўлиб ўтди. Ахалкалаки муниципалитети ўзининг юқори сифатли ва махсус таъмга эга картошкалари билан машҳур. Ахалкалаки картошкасининг географик кўрсаткичларини рўйхатдан ўтказиш зарурати муниципалитетдан ташқарида кўплаб ишлаб чиқарувчилар юқори даромад олиш учун Ахалкалаки бренди остида оддий картошка сотганлиги сабабли пайдо бўлган.
Кахетия вилоятида Ўзбекистон делегацияси Курдгелаури қишлоғида жойлашган пишлоқ заводида ҳам бўлиб, Грузиянинг машҳур сулугуни пишлоғини ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Кварели қишлоғидаги Киндзмараули корпорациясининг вино заводига ташриф давомида ўзбекистонлик мутахассислар вино ишлаб чиқаришнинг турли босқичлари, жумладан, анъанавий “квеври” сопол идишларида винони ферментациялаш, сақлаш жараёнларини кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Корпорация директори ўзбекистонлик ҳамкасбларига географик кўрсаткичлардан фойдаланиш вино савдоси сифати ва ҳажмига қандай ижобий таъсир кўрсатганини айтиб берди.
— Грузияда географик кўрсаткичларнинг барқарор тизимини шакллантириш босқичидаги энг қийин вазифалардан бири бу буюртмачилар томонидан ишлаб чиқилган спецификациялар талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифатини назорат қилишни ташкил этиш эди, бу бизнинг бўлимимиз учун ҳали ҳам устувор вазифадир, — деди Сакпатенти раҳбари Маннана Пруидзе учрашув давомида. — Бизнинг қонунчилигимизда давлат органларига давлат корхоналарини рўйхатдан ўтказиш учун ариза бериш имконияти қолдирилган, шу билан биргаликда, бу жараёнда қишлоқ хўжалиги ва саноат бирлашмаларининг ролини ошириш керак, бу ўз навбатида ҳудудий ривожланишга ҳисса қўшади.
Хорижда географик кўрсаткичларни қўллаш бўйича муваффақиятли амалиёт билан яқиндан танишган ўзбекистонлик мутахассислар эндиликда тўпланган билим ва тажрибаларини экспортни ривожлантириш ва қишлоқ тараққиёти барқарорлигини оширишнинг самарали воситаси сифатида Ўзбекистонда географик кўрсаткичлар тизимини янада тарғиб этишда фойдаланиш ниятида.
Маълумот учун, ҳозирда Грузияда 36 та товар келиб чиққан жой номи ва 24 та географик кўрсаткич рўйхатга олинган бўлиб, 100 дан ортиқ маҳсулот келажакда географик кўрсаткичларга эга бўлиш имкониятига эга. Бундан ташқари, Грузия чет элда географик кўрсаткичларга эга бўлган Грузия маҳсулотларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун турли халқаро ва икки томонлама шартномалар тузди, жумладан, Париж конвенцияси, Лиссабон келишуви, Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо аспектлари тўғрисидаги битим ва бошқалар.