Учрашувда GIZнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, Марказий Осиёда ҳуқуқий давлат тузилишига кўмаклашиш минтақавий дастури директори Й.Пуделка Германиядаги йирик олий таълим муассасалари ва юридик университетлари хусусида маълумот берди. Мазкур таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, ўзаро тажриба алмашиш, хорижнинг юридик мутахассисларини жалб этиш юзасидан атрофлича фикр алмашди.

Тадбирда Термиз давлат университети ва GIZ ҳамкорлигида ҳуқуқий соҳада янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, юридик факультетида янги йўналишлар очиш масалалари ҳам муҳокама этилди. Термиз шаҳрида ҳамкорликда юридик хизмат кўрсатувчи, ҳуқуқий маслаҳат берувчи офисни ташкил этиш режалаштирилди.

Унда университетининг профессор-ўқитувчилари ва германиялик малакали ҳуқуқшунос-мутахассислар Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистон фуқароларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, ҳуқуқ соҳаси бўйича магистратура мутахассислигида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш ва таълим бериш учун чет эллик мутахассисларни жалб этишда амалий ёрдам кўрсатиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг илк босқичи сифатида ҳуқуқий соҳага бағишланган илмий-амалий конференция ташкил этишга келишиб олди, дея хабар беради ЎзА.