Ушбу қарор Германия канцлери Ангела Меркел ва федерал давлатлар раҳбарлари ўртасида ўтган якшанба куни бўлиб ўтган музокаралар пайтида қабул қилинган. Янги чора-тадбирлар мамлакатда коронавируснинг кенг тарқалиш хавфининг доимий юқори даражаси билан боғлиқ.
Ҳокимият 16-декабрдан 10-январгача бутун мамлакат бўйлаб чекловни жорий этишга келишиб олди. Октябрь ойи охирида қабул қилинган карантин тўғрисидаги қарор кутилган натижани бермади — гарчи касаллик юқтирганлар сонининг кескин кўпайишига йўл қўйилмаса ҳам, янги беморлар сони муттасил юқори бўлиб қолмоқда, касалхоналарда интенсив терапия бўлимлари тўлган, айрим минтақаларда соғлиқни сақлаш тизими қулашга яқин турибди.

16 декабрдан бошлаб Германияда озиқ-овқат, кичик жиҳозлар дўконлари, дорихоналар, оптикалар, банклар, газета киоскалари, почта бўлимлари, тиббиёт муассасалари, бозорлардан ташқари ҳамма нарса ёпиқ бўлади. Пиротехника воситаларини сотиш тақиқланади, аҳолини байрам кунлари пиротехника воситаларидан воз кечишга чақирилади.

Кўчада спиртли ичимликларни сотиш тақиқланади. Мактаб ўқувчилари таътилга чиқади ёки масофавий ўқишга ўтилади. Учрашувга беш кишидан кўп бўлмаган гуруҳларда рухсат берилади.

Германия президенти  Франк-Вальтер Штайнмайер 14-декабр, душанба куни телевидение орқали фуқароларга мурожаатида қабул қилинган чораларни “радикал” деб атади. Давлат раҳбари “Германия тарихида жамоат ва шахсий ҳаёт ҳар қачонгидан ҳам қаттиқроқ чекланади” деб қўшимча қилди. Ушбу чора-тадбирларнинг мақсади “коронавирус билан касалланган одамлар сонини тезроқ камайтириш, сўнгра, паст даражада ушлаб туриш, деди” Штайнмайер.

Ушбу чораларга риоя этилиши полиция ва шаҳар ички ишлар идоралари томонидан назорат қилинади. Санитария-гигиена қоидаларини бузганлик учун жарималар, шунингдек йиғилишларга оид қоидалар Германияда йил бошида жорий қилинган. Улар жой ва шаҳар даражасида тартибга солинади. Масалан, Берлинда жамоат транспортида ҳимоя ниқобисиз саёҳат қилиш 50 евро жаримага сабаб бўлади. Пандемиянинг пойтахтда тарқалиш даражаси юқори бўлганлиги сабабли, расмийлар 16-декабрдан бошлаб фуқароларнинг ҳаракатланишини яна чеклашди — сиз уйдан фақат харид қилиш, шифокорга бориш, ишга бориш ва спорт билан шуғулланиш учун чиқишингиз мумкин, холос.