Бавария Бош вазири ва канцлер Aнгела Меркелнинг ХДС/ХСС ҳукмрон альянсидаги шериги Маркус Зёдер локдаун туфайли ёпилган ташкилот ва муассасалар ишининг тикланиши бевосита эмланган фуқаролар сонининг кўпайишига боғлиқлигини таъкидлади.
“Тўлиқ ва чексиз эркинлик — фақат эмлаш билан. Эмлашсиз биз тасаввур қилган шаклда эркинлик бўлмайди”, — деди сиёсатчи.
Ўз навбатида, Германия этика кенгаши аъзоси Вольфрам Хен Rheinischer Post газетасига берган интервюсида ўқитувчи ва тарбиячиларни мажбурий эмлашни таклиф қилиб, “заиф гуруҳ билан боғлиқ бўлган касбни танлаганлар алоҳида масъулиятга эга” деди.
Гарчи болалар вирусни катталарга қараганда хавфсизроқ ўтказсаларда, улар ташувчига айланиши ва тиббий сабабларга кўра эмлаш мумкин бўлмаган одамлар учун хавф туғдириши мумкин, деди Хен.
Рейнланд-Пфальц федерал штати тиббиёт бирлашмаси раҳбари Петер Хайнц Rhein-Zeitung газетасига берган интервьюсида “эмланмаган фуқаролар ҳимоя ниқобини ечиши мумкин эмас, стадионлар, сузиш ҳавзалари ва дўконга ниқобсиз бора олмайди”, деди.
Унинг қўшимча қилишича, коронавирусдан тўлиқ ҳимояланмаган шахсларнинг “таътилга чиқишларига йўл қўймаслик керак”. Уюшма раҳбарининг сўзларига кўра, “Эмланмаганларга босим кучайиши керак, чунки улар атрофдагилар учун хавф туғдиради”.
Германия Федератив Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг пайшанба куни берган маълумотига кўра, Германия аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган, деярли 58 фоизи камида битта эмлашни олган.
Саар ва Шимолий Рейн — Вестфалия минтақалари эмлаш бўйича етакчи ҳисобланади. Бу ерларда аҳолининг 45,6 ва 44,2 фоизи тўлиқ эмланган. Aкция шарқий мамлакатларда секинроқ ривожланиб бормоқда. Фақат Мекленбург —Олд Померания штатида тўлиқ эмланганларнинг улуши 40 фоиздан ошади.