Коронавирус пандемияси даврида катта куч сарфлаб ишлаётган Германия шифохоналари жиддий молиявий тўсиқларга дуч келяпти, деб хабар беради Deutsche Welle.

Немис шифохоналар жамияти раиси Геральд Гаснинг сўзларига қараганда давлатнинг қўшимча кўмагисиз 2021 йилнинг биринчи чорагидаёқ шифохоналар ходимларига иш ҳақини тўлиқ тўлай олмаслиги мумкин экан. Бугунги кунда Германия шифохоналари мушкул вазиятга тушган.

Немис даволовчи муассасалар институти маълумотига кўра, мамлакатдаги барча шифохоналарнинг учдан икки қисми ўтаётган йилни зарар билан тугатишга тайёрланяпти. Германиядаги 2 мингта шифохонанинг бор-йўғи 18 фоизи ўз молиявий ҳолатини яхши деб ҳисоблаяпти. Уларда 1,3 миллион ходимлар меҳнат қилади.

Сўнги кунларда Германияда коронавирус касаллиги яна 12 800 кишида аниқланган. 852 киши эса ҳаётдан кўз юмган. Пандемия бошлангандан бери мамлакатда 1 664 726та коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолати кузатилган, 30 978 нафар одам ушбу касаллик қурбони бўлган, 1 277 900 нафар атрофида беморлар соғайиб чиққан, деб хабар беради Белта ахборот манбаси.