Номаълум хакерлар Бундестаг ва Германия қуролли кучлари депутатларига транспорт хизматини кўрсатувчи BW-Fuhrpark Service GmBH  компаниясига кибер ҳужум уюштирди, деб хабар беради РИА Новости.

Германия Мудофаа вазирлиги тергов ишларини олиб бормоқда, IT- тармоғи бузилган фирманинг ўзи ҳужум қилганлар қандай маълумотларни қўлга киритганини ҳозирча аниқ айта олмайди.

Таъкидланишича, BW-Fuhrpark Service GmBH  компанияси 75,1 фоиз Мудофаа вазирлигига тегишли. 2019 йилда Германия Федератив Республикаси депутатлари компаниянинг хизматларидан 142 минг марта фойдаланишган.

Аввалроқ Maze гуруҳининг хакерлари Япониянинг Canon  компанияси фойдаланувчиларининг фотосуратлари ва видеолари сақланадиган хизматни бузишганди. Натижада, 10 терабайтлик маълумотларга эга бўлишган, бу  ушбу хизмат фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари ҳам бўлиб, ўзларига қарши ишлатилиши мумкин эди.