Германиянинг Тупроқшунослик институти директори Георг Гуггенбергер бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказига амалиёт ўтагани ташриф буюрди.
Талабалар амалиётнинг биринчи кунида Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологияси институти фаолияти билан танишди.
Амалий учрашувлар давомида сув ресурслари ва тупроқларни барқарор ҳамда комплекс бошқариш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, қўшма тадқиқотларни амалга оширишнинг муҳимлиги, олий ўқув юртларида ёш олимларни тегишли тарзда тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Делегациянинг Мўйноқ тумани ва Орол денгизининг қуриган тубига режалаштирилган сафари масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур амалиётда нафақат германиялик талабалар, балки ҳамкор таълим муассасалари талабалари ҳам қатнашадилар. Амалиёт дастурига кўра, аграр соҳада таълим олаётган 20 нафар ўзбекистонлик талабанинг Германияда амалиёт ўташи режалаштирилган, дея хабар бермоқда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати.