Куни кеча Венгриянинг Эотвос Лоранд университети билан ўрнатилган ҳамкорлик ришталари янада мустаҳкамлаб, қўшма факультет ташкил этаётган университет бугун Германиянинг “DAAD” дастури имкониятларини талабаларга тақдим этмоқда.
Маълумки, мазкур “DAAD” дастури орқали ривожланаётган ва янги саноатлашган мамлакатлар мутахассислари Германияда магистратура ва докторантура даражаларида грант асосида таълим олиш имкониятига эгалар. Ушбу дастурнинг мақсади - ўқишни тамомлаган малакали маҳаллий мутахассислар ўз мамлакатларининг барқарор ривожланишига хизмат қилишига эришишдир.
Дастур эксперти Симон Кретчмер Фарғона давлат университетига қилган ташриф чоғида чет тиллар факултети талабалари билан самимий мулоқотга киришди. Суҳбат давомида лойиҳа ва унинг мақсади борасида тўлиқ тушунчалар берар экан, Германиянинг олий таълим тизими ҳақида ҳам батафсил маълумотлар айтиб ўтди. Бу борада талабаларга дастур томонидан Фарғона давлат университетига юборилган ўқитувчи Денни Клаппер яқиндан кўмак беришга тайёр эканлигини билдирди.
Мулоқот жараёнида бўлган савол-жавоблар талабаларга манзур бўлди ва дастур вакиллари университет талабаларининг чет тилларига қизиқиши юқори эканлигидан хурсанд эканлигини билдирдилар.