Қарорга кўра, гидрогеологик хулоса бериш ҳамда ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди.
Регламентга кўра, жумладан, гидрогеологик хулоса Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги гидрогеология корхоналари томонидан Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали икки йилдан ошмайдиган давр учун берилади.
Давлат хизматлари кўрсатганлик учун БҲМнинг 10 баравари (2 млн 230 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
ЯИДХП орқали мурожаат этилганда ушбу сумманинг 90 фоизи (2 млн 7 минг сўм) тўланади.
Шунингдек, ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома бурғилаш ишларини бажариш даврига, лекин икки йилдан ошмайдиган давр учун берилади.
Бунда давлат хизматларини кўрсатиш учун БҲМнинг 30 фоизи миқдорида (66 минг 900 сўм), ЯИДХП орқали мурожаат этилганда эса ушбу сумманинг 90 фоизи (60 минг 210 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
Бурғи қудуғининг техник паспортини рўйхатга олиш бўйича кўрсатилган давлат хизматлари учун йиғим ундирилмайди.
Давлат геология тизимидаги гидрогеология корхоналари учун ҳар йилги минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури доирасида ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ишлари амалга оширилганда рухсатнома олиш талаб қилинмайди.