Таъкидланганидек, ушбу Қонун мамлакатимиздаги мавжуд сув хўжалиги объектларини техник соз ҳолатда сақлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва улардан ишончли фойдаланиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда сув хўжалиги тизимида жами 73 та сув омбори ва сел-сув омбори, 1 688 та насос станцияси, 49 та ГEС ва бошқа объектлар мавжуд. Сув хўжалиги объектларининг аксарият қисмидан 40 йилдан ортиқ фойдаланиб келинади. Бу эса уларни ўз вақтида таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция қилиш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишларини амалга ошириш, техник соз ҳолатда сақлаш ҳамда уларнинг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашни талаб қилади.

Шу муносабат билан ушбу Қонунда гидротехника иншоотлари хавфсизлигининг асосий принциплари, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари назарда тутилади. Бундан ташқари, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида чет давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ахборот алмашиш масалалари ўз аксини топади.

Шунингдек, Қонун билан гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш юзасидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, буюртмачи ташкилотларнинг, лойиҳа ва пудрат ташкилотларининг мажбуриятлари белгиланади.

Шу билан бирга, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга доир асосий талаблар киритиляпти. Хусусан, гидротехника иншоотларини бир вақтнинг ўзида (мувозий) лойиҳалаштириш ва қуриш, реконструкция қилиш тақиқланади.

Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, тендер ёки танлов ҳужжатларида иштирокчиларга гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги амалий тажриба, қурилиш ускуналари, лабораториялар, машиналар ва механизмлар, шунингдек малакали мутахассислар мавжуд бўлиши тўғрисидаги талабларни белгилаши шартлиги буюртмачи ташкилотнинг мажбурияти сифатида кўрсатиб қўйиляпти.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши махсус давлат назорати органининг масъулияти ва ваколати оширилиши, иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш, консервациялаш ва тугатиш ишларида хавфсизлик бўйича назорат кучайтирилишига хизмат қилади.

Мажлисда савол-жавоб ва муҳокамалардан сўнг ушбу Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.