—  Гипертония — юрак-қон томир тизими касалликларига чалинган кишиларнинг ўлимига ёки ногиронликка сабаб бўлувчи асосий омиллардан бири, — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидова — Унинг асосий белгиси — мия томирларининг спазми ва торайиши туфайли бош оғриғидир. 

Шунингдек, кўпинча қулоқларда шовқин пайдо бўлиши, кўриш қобилияти сусайиши, ҳолсизлик, уйқу бузилиши, бош айланиши, бошда оғирлик ҳисси, юрак уриши тезлашиши намоён бўлади. 

Бу аломатлар касалликнинг эрта босқичларида кузатилади. Кейинчалик, юракнинг узоқ вақт давомида зўриқиб ишлаши туфайли юрак етишмовчилиги юзага келади. 

Яна, кўплаб беморларда тез-тез бурун қонаши, қайт қилиш, уйқусизлик, хотира бузилиши, ҳар қандай жисмоний фаолликдан сўнг тери юзаси қизариши, кўздаги кучли босим, юракнинг тез уриши, тўқималарда шишлар пайдо бўлиши, чарчоқ каби белгилар учрайди.

Гипертония касаллигида парҳез – тана вазнини меъёрлаштириш, қонда холестерин даражасини пасайтириш, организмда сув-туз алмашинуви ва электролит бузилишларни мўътадиллаштириш, юрак мушаги фаолиятини яхшилаш, томир деворларини мустаҳкамлаш кабиларга қаратилади.

Гипертонияни парҳез ёрдамида даволашнинг асосий тамойиллари қуйидагича:

Танаввул қилинаётган таомларнинг энергетик қиймати тана сарфлаётган энергияга мос келиши лозим. Беморда семизлик мавжуд бўлса, кундалик таомлар калорияси чегараланиши керак.

Овқатланиш рационидан марказий асаб ва юрак қон-томир тизимини қўзғатувчи (гўштли, балиқ гўштли қуюқ шўрвалар, аччиқ чой, қаҳва, шоколад, дудланган маҳсулотлар) ва ичакларда дам ҳосил бўлиш жараёнини кучайтирувчи (нўхат, ловия, газли ичимлик ва бошқа) маҳсулотларни чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.

спиртли ичимликлар истеъмолини қатъий чеклаш лозим.

Кундалик ош тузи истеъмоли 5 граммдан ошмаслиги ҳамда 2 граммдан кам бўлмаслиги зарур.

магний тузлари билан тўйинтирилган сут, ўсимлик маҳсулотларидан ташкил топган парҳез қон босимини пасайтиради. Беморлар учун кальций миқдори юқори, таркибида ёғ ва кофеин кам бўлган маҳсулотлар фойдалидир.

Вазнни 1 килограмга камайтириш систолик қон босимини симоб устуни ҳисобида ўртача 2,5 миллиметрга, диастолик босимнинг эса 1,5 миллиметрга пасайтиради.

Бундан ташқари, тандирдан узилган янги нон ўрнига, бир-икки кун турган нонни истеъмол қилиш фойдалидир. Кундалик рационга дармондори ва минералларга бой ҳамда касалликка қарши курашишга ёрдам берувчи маҳсулотлардан кўпроқ киритиш керак.