Тезкор ходимлар томонидан олдиндан олинган маълумотлар асосида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айналишининг олдини олиш мақсадида фуқаро аризасига биноан “назорат остида етказиб бериш” тезкор тадбири амалга оширилди.

Навоий вилояти “Қизилқум” чўлининг Қозоғистон Республикаси Қизил Орда тумани билан чегарадош ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида, чегара сими ёнида кўмиб, устига қуриган саксовул шохлари териб, яшириб қўйилган қоғоз қути топилди. 

Тадбир иштирокчилари томонидан ушбу қоғоз қути очиб кўрилганида ичида 1200 конвалютада жами 12000 дона “Трамадол ланнахер 50 мг.” ёзувли дори воситалари борлиги аниқланди. 
Дори конвалюталарига ёпишган чанг ва лойдан пайқаш мумкинки, гиёҳвандлик воситалари эгасини бироз вақт куттириб ҳам қўйган. 

Шундан сўнг, мазкур гиёҳвандлик дори воситаларининг асл эгасини аниқлаш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилди.

Тўрткўл тумани Деҳкон бозори автотураргоҳида фуқаро К.К 1 дона ПЭТ қопқа ўралган 1200 конвалютада 12000 дона “Трамадол ланнахер 50 мг.” дори воситаларини аризачи фуқародан қабул қилиб олиб, ўзига тегишли бўлган “Кобальт” русумли автотранспорт воситаси ёнига борганида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинди.

Экспериза ҳулосасига кўра, ушбу ашёвий далил сифатида олинган 1200 конвалютада жами 12000 дона “Трамадол ланнахер 50 мг.” дори воситалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.10.2018 йилдаги 878-сон қарорига кўра, Республика ҳудудида муомаласи чекланган гиёҳванд воситалари рўйхатига кириши ҳамда унинг соф оғирлиги 600 гр.га тенг эканлиги тасдиқланди.

Маълумот тариқасида, мазкур фуқаро илгари ҳам жиноят содир қилган бўлиб, ўзига берилган жазодан муносиб хулоса чиқармаган кўринади.  Энди эса ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.