Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) катта мутахассиси Й.Деппе бошчилигидаги делегация бугун Марғилон ҳамда Тошлоқ туман Давлат хизматлари марказларида бўлишди.
Гап шундаки, 2021 йил 1 майда Ўзбекистон ва Германия ўртасида молиявий ва техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро музокаралар бўлиб ўтган эди. Ана шу тадбирлар доирасида ҳар икки томон кўплаб келишувларга эришган эди. Жумладан, бугунги делегация иши давомида электрон ҳукумат, коррупциянинг олдини олиш, давлат хизматлари соҳасини янада ислоҳ қилиш, кадрлар малакасини ошириш ва меҳнат бозори маъмуриятини такомиллаштиришга қаратилган янги лойиҳа юзасидан фикр алмашилди. Бу эса яқин келажакда яратиладиган лойиҳалар учун мустаҳкам замин ва пойдевор яратади.
Делегация раҳбари Й.Деппе Давлат хизматлари марказларида тадбиркорлар ва фуқаролар учун яратилган шароитларни кўздан кечириб янги режалаштирилаётган лойиҳаларга доир саволларига тўлиқ жавоблар олди. Маҳаллий мутахассислар билан фикр ва мулоҳазалар алмашди, деб хабар беради ДХА Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати.