Сизларни асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни, турли маданият ва цивилизацияларни, илм-фан ва амалий билимларни боғлаб келган қадимий Самарқанд шаҳрида самимий қутлаш биз учун улкан шарафдир.

Бугунги йиғилиш 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳит куни арафасида ўтаётгани алоҳида рамзий маънога эга. Шу муносабат билан анжуман иштирокчиларини ушбу муҳим сана билан чин дилдан табриклайман.

Барчангиз яхши хабардорсиз, бугунги кунда инсоният мисли кўрилмаган инқирозлар – иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиб бориши, атроф-муҳит ифлосланиши каби таҳдидларга дуч келмоқда.

Бу каби муаммоларни ҳал этишда Глобал экологик жамғарма алоҳида ўрин эгаллаб келмоқда. 186 та давлатни бирлаштирган ушбу ноёб глобал ҳамкорлик платформаси ҳозирга қадар 170 миллиард АҚШ долларидан зиёд маблағни экологик лойиҳалар учун сафарбар этгани таҳсинга сазовордир.

Минг афсуски, иқлим ўзгариши оқибатида юзага келган чўлланиш, ер деградацияси, музликларнинг эриши ва сув танқислиги Марказий Осиё учун асосий таҳдид бўлиб қолмоқда. Жаҳон банки таҳлилига кўра, минтақамизда қарийб 37 миллион киши сув танқислиги кучли бўлган ҳудудларда яшамоқда ва 2050 йилга бориб, бу кўрсаткич 75 миллионга етиши мумкин.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Янги Ўзбекистон мавжуд муаммолар кўламига қарамай, экологик трансформацияни янги тараққиёт модели сифатида кўрмоқда. Шу боис, биз тизимли лойиҳа бошқарувига ўтиб, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, биохилма-хиллик, чиқиндиларни бошқариш, кўкаламзорлаштириш, экологик таълим ва маданиятни қамраб олган бешта миллий лойиҳани амалга оширмоқдамиз.

Мазкур ташаббуслар доирасида 2030 йилга қадар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини республика ҳудудининг 21 фоизигача кенгайтириш, ҳавога зарарли ташламаларни 10,5 фоизга қисқартириш ҳамда ҳар бир ҳудудда дендрология ва ботаника боғларини ташкил этиш режалаштирилган.

Чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш бўйича жорий йилда 2 та, келгуси икки йилда яна 9 та заводни ишга тушириш белгиланган, улар йилига 5,5 миллион тонна чиқиндини қайта ишлаш орқали 1,1 миллион тонна иссиқхона газлари ташламаларини қисқартиришга ёрдам беради.

Мамлакатимизда экологик таълим ва илм-фаннинг ягона экотизими шакллантирилиб, “Green University” негизида 10 та илмий-тадқиқот институти ва марказ ҳамда 14 та “яшил” техникум бирлаштирилди, қарийб 2 миллион ёшнинг экологик саводхонлигини ошириш жараёни бошлаб юборилди.

Биз ўтган асрда юз берган Орол фожиасига янгича ёндашиб, унинг оқибатларини бартараф этиш, Оролбўйи ҳудудини тикланиш, илм-фан ва инновациялар майдонига айлантириш йўлида 2 миллион гектардан ортиқ унумдорлигини йўқотган ерларни қайта тикламоқдамиз.

Минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва амалий ечимларни жорий этиш мақсадида “Eco Expo Central Asia” платформаси йўлга қўйилди, у ҳудудлар ва саноатдаги экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган лойиҳаларга молиявий ресурслар ва “яшил” ечимларни жалб этишга хизмат қилади.  

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ташкил этилган кўргазмага таклиф қиламан. Яшил лойиҳаларимиз манфаатли келишувларга асос бўлади деган умиддаман.

Қадрли дўстлар!

Албатта, иқлим ўзгаришининг тобора кучайиб бораётган салбий таъсири биздан тезкор амалий қадамларни талаб қилмоқда. Ассамблея доирасида бир қатор ташаббусларни илгари сурмоқчимиз ва уларни ҳаётга татбиқ этишда Сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз биз учун муҳим аҳамиятга эга.

Биринчидан. Самарқандни “Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти” деб эълон қилишни таклиф этамиз.

Биз Самарқандни минтақавий “яшил иқтисодиёт”, барқарор ривожланиш ва иқлим молияси марказига айлантиришни, шаҳарни пилот “яшил ҳудуд” сифатида ривожлантиришни ҳамда ушбу тажрибани кейинчалик республиканинг бошқа шаҳарларига ҳам татбиқ этишни мақсад қилганмиз.

Иккинчидан. Бундан 600 йил муқаддам Мирзо Улуғбек Самарқандни илм-фан марказига айлантирган бўлса, бугунги кунда Колумбия университетининг Барқарор ривожланиш маркази ҳамкорлигида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети қошида Улуғбек номидаги Барқарор ривожланиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилмоқда.

Институт ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини яшил ва барқарор ривожланиш асосида трансформация қилиш, халқаро илмий марказлар ва молия институтларини жалб этиш бўйича етакчи илмий-таҳлилий платформа бўлади, унинг стратегик бошқаруви эса Президент ҳузуридаги Васийлик кенгаши орқали амалга оширилади.

Учинчидан. Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши самарали ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида Иқлим ўзгариши ва гидрометеорология миллий маркази ташкил этилмоқда.

Марказ гидрометеорология, эрта огоҳлантириш, гляциология, иқлим таъсирини баҳолаш ва иссиқхона газлари мониторингини уйғунлаштириб, иқлим прогнозлари, моделлаштириш, мослашув ва митигация дастурлари, минтақавий ҳамкорлик ҳамда WMO GAW ва NASA AERONET дастурларида иштирок этиш учун институционал замин яратади.

Тўртинчидан. Яқинда Қозоғистон Президенти билан “Тоза ҳаво” давлатлараро консорциумини ташкил этиш бўйича келишувга эришдик. Унинг фаолияти “яшил” молияни жалб этиш, ўрмон-мелиорация, илмий тадқиқотлар, саноатни экологик модернизация қилиш ҳамда мониторинг ва назоратни кучайтиришга қаратилган. Минтақанинг барча давлатларини Консорциум фаолиятига қўшилишга таклиф этамиз.

Бешинчидан. Чўлланишга қарши кураш институти негизида Оролбўйида чўлланиш оқибатларини юмшатиш, “яшил” қалқонлар барпо этиш ва иқлим мослашувига қаратилган “чўл иқтисодиёти” ташаббусини илгари суриб, уни ГЭФнинг устувор йўналишлари билан ҳамоҳанг ҳолда халқаро молиявий ҳамда техник кўмак асосида амалга оширишни таклиф этамиз.

Олтинчидан. 2027 йилги Тошкент инвестиция форуми “Барқарор ривожланиш ва яшил инвестициялар” мавзусида ўтказилиб, унинг доирасида “Eco Expo Central Asia” халқаро кўргазмаси ташкил этилади.

Форумда ҳар бир ҳудуд яшил инвестицияларни жалб қилиш учун камида 100 та истиқболли лойиҳани тайёрлаб, инвесторларга тақдим этади.

Яна бир муҳим ташаббусимизни эълон қилмоқчиман. Ўзбекистон Глобал экологик жамғарма донор мамлакатлари қаторига қўшилишга тайёр. Биз Жамғарма Кенгаши аъзоси сифатида қўшма минтақавий ташаббусларни амалий қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

Бугун ўз ишини бошлаётган мазкур Ассамблея экологик ҳамкорликнинг янги минтақавий архитектурасини шакллантиришда муҳим майдонга айланишига қатъий ишонаман.

Анжуман ишига улкан муваффақиятлар, барчангизга янги ютуқлар ва омад, оилавий бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти