Болалар асаб касалликлари шифокори Машҳура Исроилова ҳам ҳаётининг ҳар лаҳзасида келажагимиз эгалари бўлмиш фарзандларимиз ҳаёти учун фидойилик билан меҳнат қилишга, изланишга шай. Шифокорликка меҳр унга асли отасидан ўтган. Ўзбекистонда болалар асаб тизими касалликларини даволашга асос солган машҳур олим Шомурод Шомансуров айни урушдан кейинги йилларда институтни тугатиб меҳнат фаолиятини бошлаган эди.
— Бир куни отам фавқулодда кайфиятлари чоғ қайтдилар, – эслайди Машҳурахон. – Бувижоним: “Тинчликми болажоним, анча хурсандсиз”, деб сўраганларида “Орзулар амалга ошди онажон, республикада болалар невралогияси кафедраси ташкил қилинди. Илм бобида яна бир мактаб очилди”, дедилар. Шунда бувижоним қўл очиб, отажонимни узоқ дуо қилдилар.
Ҳаётни олий ҳакам дейдилар, ҳар бир инсонни имтиҳондан ўтказади. Бировга бу осон, бировда эса қийинроқ кечади. Гоҳида ана шундай қийинчиликларни ақлу заковат, кучли билим, чин инсоний хислатлар билан енгиб ўтиш зарурати туғилади. Отасининг ҳаётида буни кўрган ва тушуниб етган Машҳурахон ҳам шунга одатланиб борди. Машҳура янги ўқишга кирган пайтларида гўдак мурдасига игна санчиш лозим эди. У қўрқиб уйига йиғлаб келарди. Бу ҳолат икки уч марта такрорлангач отаси уни ёнига ўтказиб насиҳат қилди.
— Сендан яхши шифокор чиқади, фақат ўзингни эмас, одамлар ташвишини, гўдакларнинг соғлом ўсишини ўйласанг, кўникасан. Аслида гўдаклар, болалар қанчалар беозор бўлишади, шуни унутма.
Отасининг ушбу насиҳатларини дилига туккан Машҳурахоннинг шифокорликка, ота касбига бўлган меҳри ошганидан ошиб борди. Отасининг ўша пайтда барчага ўрнак бўлган таъмагир бўлмаслик, холис хизмат қилиш каби хислатларини ўзида сингдириб борди. Чиройли яшаш учун яхши ўқиш, дилдан меҳнат қилиш, масъулиятни хис қилиш лозим деб уқтирарди унга отаси.
Ҳа, Машҳурахон меҳнат фаолиятини илмий изланиш билан бирга олиб борди, олийгоҳни тугатгач, кўп ўтмай номзодлик дисертациясини ҳам ёқлади. Назарияни амалиёт билан бирга олиб боргани учун ишлари бароридан келди. У Юнусобод туманидаги 5-болалар шифохонасида 1 ойликдан уч ёшгача бўлган болаларнинг асаб касаллигини даволаш бўлимини чорак асрдан ортиқ вақт давомида бошқарди. Нафақа ёшига етгач уйда ўтириши ҳам мумкин эди, лекин ундаги касбига меҳр, болаларга ғамхўрлик туйғулари тинчлик бермади. Ўзининг хусусий клиникасини очди. Унга “Ихлос” деб ном қўйди. Бу унинг қалбидаги тиббиётга бўлган ихлосининг ифодаси эди.
— Ҳозир йигирма биринчи асрга келиб туғилаётган гўдакларнинг кўпчилиги асаб тизимидаги ўзгаришлар билан туғилмоқда, – дейди Машҳура Шомуродовна биз билан суҳбатда. – Бунинг асосий сабаблари экология, ёш оналарнинг ўз соғлиги ҳақида қайғурмаслиги, камқонлик касаллигининг тарқалишидир. Энг муҳими гўдак ривожланаётган пайтда оналар ўз асабларини аямасдан, эътиборсиз бўлишларидир.
Одатдагидек бугун ҳам эрта уйғонган шифокор умр бўйи уни қўллаб керагида ёрдам ва маслаҳатларни аямай келаётган мададкори Икром ака билан сўлим ҳовлини айланишди, сўнг невара келини тайёрлаб қўйган нонуштани тамадди қилиб, ишга отланди. Кетиш олдидан эвараси уйғонган бўлса қўлига олиб эркалаб, завланиб олади. Кейин нажот истаб келган бемор гўдаклар кўз олдига келиб йўлга тушади.
Хонага кириб, тезгина кийимини алмаштирди.
— Анча яхшимиз, кечаси яхши ухлади, – деди махсус столга гўдакни қўйиб ечинтираркан ёш она.
— Жонингизга жон бўлай, опоқмисиз?
Шифокорнинг бу сўзлари унинг кўнглини эритиб юборди.
— Яхши, дўхтир опаси, яхши...
— Албатта, яхши бўлади, ҳали бир йигит бўлсин-ки.
—Айтганингиз келсин, – дея миннатдорлик билдирди она.
Ҳа, Машҳурахонни танимаган, унинг гўдаклар билан тил топишишидан, мурғак вужудларни яхши билишидан ҳайратланмаган ва уни танимаган, билмаган ота-оналар жуда кам десам муболаға бўлмас. Чиндан-да Шомурод отанинг шифокорликка бўлган меҳри, болалар ҳақида гоҳо жўшиб, баъзан куйиниб сўзлашлари фақат Машҳурада эмас, балки ўғли Шоанварда ҳам қизиқиш уйғотган эди. У ҳам ота изидан бориб шу соҳада илмий иш қилди. Опаси билан бирга 5-болалар шифохонасида меҳнат қилди. Ёш ота-оналар ўртасида “Қўли енгил” деган эътирофга сазовор бўлди.
Оиланинг учунчи авлоди Машҳуранинг қизи Муҳаббат ҳам онасига ҳавас қилди. Тиббиёт олийгоҳида ўқиди, ўрганди. Бугунги кунда у ҳам тажриба борасида онасидан қолишмайди. Сулола аъзолари кўпинча учовлон тўпланишиб тажриба алмашиб бир-бирларидан сабоқ олишади. Муаммоли масалаларда суҳбатлашиб ечимини топишади. Муҳаббатхон асли болажон эмасми, гўдаклардан меҳрини, илмини, меҳнатини аямайди. У ҳам онасига ўхшаб рафиқаликни, ҳам жамоатчиликни қойилмақом тарзда уддасидан чиқяпти.
Шу ўринда бир ривоят ёдимга келди. Бир замонлар табиат уйғонмаган, атроф зим-зим пайтда ёш она гўдагини кўтариб йўлга тушибди, кетаётиб ариқда сув жилдирагани қулоғига чалинибди. Сувсагани учун гўдакни ерга қўйиб ичмоқчи бўлибди. Ариқ ёқасига етиб-етмасдан гўдак йиғлабди. У сув ичмасдан қайтиб уни қўлига олибди. Шунда гўдак она меҳрини ҳис қилиб жилмайибди. Шунда осмонда қуёш жилмайиб атроф ёришибди. Табиат уйғонибди. Шунда она осмонга қараб:
— Раҳмат сенга, қуёш, йўлимни ёритдинг, – дебди.
Қуёш эса ўз навбатида:
— Сенга раҳмат, она, болажонингга берган меҳринг учун... Мен кулишни гўдакдан ўргандим, – деган экан.
Шомурод Шомансуров яратган Машҳурахон бошчилигидаги шифокорлар сулоласи йиллар оша келажак авлодни соғлом вояга етказишда камарбаста бўладилар. Улар болалар асаб тизими касалликларига асос солган оталарининг “нейроревматизмнинг сўндирилган шаклларида асаб тизимининг шикастланиши”, “40 саволга 40 жавоб”, “Болаларда кичик эпилипсия”, “Асаб ва руҳий касалликлар” уч жилдлик “Болалик ёшидаги невропотология”, “Болалар неврологияси” каби китобларини қайта-қайта ўқишдан чарчашмайди.
Машҳурахон отасининг асл издоши бўлди. Боласини бағрига босиб шифо излаган она борки, унинг нур ёғилган юзидан, ширин сўзларидан миннатдор. Фарзандлари Мазмунахон, Гўзалхон, набиралари Абдуваҳоб, Мадина, Сардорлар ҳам келгусида шифокорлар сулоласи сафини кенгайтириш ниятидалар. Биз гўдаклар оламига нур, оналар қалбига сурур бахш этаётган шифокор Машҳура Исроиловага эзгу ишларингизда асло толманг, Аллоҳ сизга ёр бўлсин”, деб қоламиз.
Муқаддас АБДУСАМАТОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими