Визасини янгилаш учун Ўзбекистонга қайтган Дилдора Отажонова ҳужжатлар тайёр бўлиши учун икки ой кетиши ва бу вақтда бекор юрмаслик учун агрофирмага ишга киради. Халқаро бозорда ўзбек маҳсулотларига талаб юқорилигини кўриб, Малайзияга кетиш фикридан қайтди. Юртимизда бу соҳада катта ютуқларга эришиш, даромад кўриш имкони борлигига амин бўлганди.
— Малайзиядаги агрофирмада фаолият юритган вақтларим Ўзбекистондан келтирилган мева-сабзавотларни Куала-Лумпурдаги компанияларга тарқатардим, — дейди Дилдора Отажонова. — Ўша кезлари базўр 200—300 кило маҳсулотни буюртмачиларга етказа олганман. Ўзбекистонга келгач, кузатсам, хорижий харидорлар ўн тонналаб маҳсулотга буюртма берар экан. Юртимиз мева-сабзавотларига талаб юқори экани, экспорт қилиш билан боғлиқ имкониятлар мени ватанимда қолишга ундаган. Ўзимизда бу соҳада ишлаш фойдали, даромади юқори эканини англаб етганман.
Бу ердаги 10 ойлик фаолиятидан сўнг Д.Отажонова ўзининг “Teodora Goods” компаниясига асос солди. Компания қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти билан шуғулланиб, ҳўл ва қуруқ мевалар, сабзавотларни экспорт қила бошлади.
Аҳолининг тадбиркор бўлишига амалий ёрдам берилса, барча соҳалар тараққий этади. Ёшлар, хотин-қизлар бизнесини йўлга қўйиш, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар кўплаб кичик тадбиркорлик субъектларининг ўз бизнесини бутун мамлакат миқёсида кенгайтириб, йирик компанияга айланишига тамал тоши бўлди. Авваллари маҳаллий бозорда ҳам ҳаминқадар иштирок этган тадбиркорлар бугун ташқи бозорда ўз нуфузи ва брендига эга бўлиб бормоқда. Бу жараёнда, албатта, соҳа ривожига қаратилган ислоҳотларнинг аҳамияти катта.
Президентнинг 2022 йил 21 декабрдаги “Тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида маҳаллий маҳсулотларнинг янги истиқболли бозорларга кириб бориши учун қулай шарт-шароит яратиш асосий мақсад қилиб белгиланган. Ҳужжатда экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун ажратиладиган молиявий ресурслар ҳисобидан бериладиган кредитларни ўз вақтида сўндириб келаётган тадбиркорлик субъектларига кредитнинг сўндирилган қисмига мутаносиб равишда қўшимча кредитлар ажратишга рухсат берилди. Бу ўз навбатида, соҳага эндигина кириб келган тадбиркорларнинг оёққа туриши, яхши натижаларга эришишида муҳим омил саналади.
Сармоясиз ҳам бизнес бошлаш мумкин
Мустақил равишда компания очган қизда зарур маблағ йўқ эди. Аммо бизнесни бошлаган одам тўхтаб қолса бўлмайди. Шунинг учун у компания сайтини очиб, савдо платформаларида маҳсулотлар ҳақида эълон жойлаштирди. Унинг бахтига ўлкамиз мевалари кўплаб хориж давлатларига яхши таниш эди. Шу боис, Дилдора дастлабки ҳафтанинг ўзидаёқ буюртма қабул қилди.
— Илк бор Франция компаниялари анор маҳсулотига буюртма берган. Кейинчалик Ҳиндистон, Бангладеш, Корея давлатларидан ҳам талаблар келиб тушган. Бизнеснинг дастлабки уч йили мен учун синов даври бўлган. Маҳсулотни жаҳон бозори талабларига мос тарзда етказиб беришнинг ўзига яраша машаққати бор. Бундан ташқари, қайси мевани қайси пайтда совуқхонага жойлаштириш, уларни қандай қилиб қадоқлаш ҳақида етарли маълумотга эга бўлмасак, ютқазамиз. Шундай ҳам бўлган. 450 тонна хурмо ва 250 тонна узумнинг сифатини бузиб қўйганмиз. Табиийки, харажатлар ўзини оқламаган. Бу компаниямиз учун катта йўқотиш эди. Шунда соҳа сирларини тўлиқ ўрганишга, ҳар турдаги мева-сабзавот билан алоҳида “тил топишиш”га ҳаракат қилганман, — дейди Дилдора.
Экспорт соҳасида маблағсиз бизнес бошлашга кўпчилик ишонмайди. Аммо Дилдора савдо платформаларида эълон бергач, илк буюртмачи хорижий компания тўловни олдиндан амалга оширди. Аммо бунинг учун ҳам маҳсулотни тақдим қила олиш, экспорт жараёнининг бутун занжирини билиш талаб этилади. Ҳикоямиз қаҳрамони мана шу “олтин занжир” ҳалқаларини усталик билан тузди. Кўпчилик шаҳарда, шинам офисда ўтириб фаолият юритаётган бир вақтда у юртимизнинг чекка қишлоқларига экспортбоп мевалар излаб борди. Энг сархил маҳсулотлар қишлоқларда, ҳақиқий боғбону деҳқонлар қўлида эканига ишонди.
Бу жараён миришкорлар учун ҳам анчайин қўл келади. Боиси, маҳсулотни қандай сақлашни билмаган деҳқонлар пишиқчилик мавсумида ҳосилнинг катта қисмини чиқитга чиқазиб қўяр эди. Ёш қиз боғма-боғ, полизма-полиз юриб, мева-сабзавотларни экспортга тайёрлаш, уларни сақлаш, қадоқлаш сирларини ўргатади. Шу тарзда барча вилоятлардан маҳсулот харид қилишни йўлга қўяди.
— Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда энг асосий муаммо ўртадаги одамлар — брокерлар билан ишлаш жараёни, — дейди Д. Отажонова. — Экспортчиларнинг асосий иши брокерлар билан битади. Улар маҳсулотни тайёрлаб қўйишади, экспортчи эса юкни улардан олиб кетади. Муаммо шундаки, брокерлар аксар ҳолларда кунлаб далада қолган маҳсулотни экспортга йўналтиради, мева солинадиган қутиларнинг тагига сифатсизроқ, устига эса сифатлисини жойлаштиради. Оқибатда маҳсулотни мижозга топширган экспортчи ютқазади.
Экспортчи қиз ўз фаолиятини такомиллаштириш мақсадида янги лойиҳа устида изланиб, “Dalatech” платформасини яратади. Соҳа учун қулайлик яратадиган бу платформа фермер ва томорқа ер эгаларини анъанавий савдодан онлайн савдога ўтказади. Тизим орқали миришкорлар Ўзбекистондаги барча экспортчиларнинг рўйхатини кўра олади. Масалан, улар қайси маҳсулотни, қанча ҳажмда излаётгани ва қанча нарх белгилангани билан танишади. Ва ўз навбатида, маҳсулотини таклиф қилади. Пировардида, доимий харидорга эга ҳам бўлади. Экспортчи эса қаерда қайси маҳсулот, қанча нархда сотилиши ҳақида хабардор бўлиб туради.
Шунингдек, платформада ҳар бир маҳсулотнинг алгоритми ҳам ишлаб чиқилган, совутиш занжирида маҳсулот сифатини назорат қилиш босқичларини кўрсатадиган тизим ҳам йўлга қўйилиб, фермерлар ҳар бир мева ёки сабзавотни қандай сақлаш, совуқхонадан қандай фойдаланиш каби маълумотларни ўрганиши мумкин.
Дилдораниниг айтишича, экспортбоп маҳсулот топиш, уни сифат назоратига жавоб берадиган ҳолга келтиришнинг ўзига яраша сири, машаққатлари бор.
— Одам “комфорт зона”сидан чиқиб, реал вазиятда муаммоларни кўрмагунча, ўқиганлари, интернет тармоқларида кўрганлари ҳаётдагидан бутунлай фарқ қилишини тушунмайди. Бизнесда ҳам шундай: бир жойда ўтириш ярамайди, ҳар бир жараённинг ичига кириб бориш, ўрганиш, муаммоларга ечим топа билиш зарур. Бирор муаммо ёки турли қийинчиликларга навбатдаги масъулиятли вазифадек қарашга одатланганман. Ҳозир юртимиз мева-сабзавотлари деярли барча давлатларга экспорт қилинади. Айниқса, Россия, Хитой, Корея, Ҳиндистонда талаб юқори, — дейди Дилдора.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2023 йилнинг дастлабки тўрт ойида хорижий мамлакатларга умумий қиймати 256,1 миллион долларлик 359,2 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинган. Бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 6,5 фоизга кўп дегани. Ҳозирда республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 мамлакатига экспорт қилиняпти.
Мева-сабзавот ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми 2016 йил билан солиштирганда, қарийб 2 баробар ошган. Рақамлар заҳматкашларнинг ўз меҳнатига яраша даромад кўраётганини ҳамда юртимиз мева-сабзавотлари маҳаллий бозорларни таъминлаш билан бир қаторда, жаҳон бозорларида ҳам муносиб ўрнига эга эканини кўрсатади. Бундай натижа замирида тадбиркорларнинг эмин-эркин фаолият юритиши, жаҳон бозорларига чиқиши учун барча имкониятлар яратилаётгани ва мана шу ишончга муносиб меҳнат ётади.
Феруза ЖЎРАЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири