Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида талабалар ўртасида “Ректор кубоги” шахмат мусобақаси қизиқарли ва муросасиз ўтди. Буни салкам уч соат дона сурган йигит-қизларнинг юз-кўзидаги ифодадан билиш қийин бўлмади. Айни пайтда университетда нафақат шахмат, балки спортнинг бошқа турлари бўйича ҳам беллашувлар ташкил этиш анъана тусини олган.

Бу бежиз эмас. Чунки ақлий ва жисмоний меҳнат уйғунлашганда инсоннинг тафаккур тарзи ижобий тарафга ўзгаради. Ноодатий, янгича фикрлай бошлайди. Буни яхши англаган университет раҳбарияти ташаббусини талабалар ҳам фаол иштироки билан қўллаб-қувватлаяпти. Aйниқса, шахмат тўгараги доим йигит-қизлар билан гавжум. Ғолиб иштирокчиларнинг салмоқли пул мукофоти олаётгани сабабли йигит-қизлар наздида шахмат шунчаки ўйиндан жиддий машғулот даражасига кўтарилмоқда.

— Талабаларимиз орасида шахмат ўйнашни фавқулодда яхши кўрадиганлар кўплигига гувоҳ бўляпмиз. Улар ҳар ҳафта ўтказиладиган мусобақаларда фаол қатнашиб, салоҳиятини намойиш этяпти, — дейди университет декани Aкбар Нурматов. — Навбатдаги мусобақада ҳам катта ҳаяжон ва шиддат билан дона суришди. Бир жиҳатни алоҳида айтишим керак, шахмат ўйнаш борасида талаба қизларнинг йигитлардан асло қолишмаслигини кўрдик. Улар маҳоратда ҳам, топқирликда ҳам тенгқурлари орасида пешқадамлигини исботлади.

Мусобақа натижаларига кўра, йигитлар ва қизлар ўртасида учтадан ўрин соҳиблари аниқланиб, кубок ва пул мукофоти билан тақдирланди.

— Мусобақа жуда қизиқарли ўтди. Вақт қандай ўтгани сезилмади. Қизғин рақобатда кечган беллашувда болаликдан шахмат ўйнаб юрганим, дадамдан ўрганганларим ҳар доимгидек қўл келди, — дейди мусобақа ғолиби Суҳроб Aввалбоев. — Университетимизда бундай беллашувлар, тадбирлар кўп ўтказилади. Дарсдан бўш вақтимизда маданий ҳордиқ чиқариш, билимимизни янада ошириш имконига эгамиз.