Айни замонда қандай маҳсулотга талаб юқори, уни муқобилларидан арзон нархда тақдим эта олиш йўлларини излаб топиш муҳим. Инновацион тадбиркорлик асосида яратилган маҳсулот маҳаллий ва жаҳон бозорларига мос бўлиши керак.

Ҳар қандай лойиҳани амалга оширишда ишчи кучи, энергия, сармоянинг кам сарфланиши эътиборга олинади. Табиийки, бирор янги ғоя муаллифи мана шу жиҳатларни ҳисоб-китоб қила олмаслиги мумкин. Бу борада бизнес акселератор дастурларининг кўмаги асқотади. Улар резидентларга ўз бизнес моделини “чархлаш”, зарур шартномаларга эга бўлиш, савдони амалга оширишга кўмак берадиган дастурни таклиф қилади. Янги ғоя билан келган изланувчиларга акселаратор ёрдам бериб, ғояни лойиҳага айлантиришга кўмаклашади. Унинг ростдан ҳам иқтисодий самара бериши, истеъмолчиларга наф келтириши исботланса, стартап лойиҳа сифатида шаклланади.

Ёшларни инновацион тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб кичик бизнес лойиҳаларини амалга оширишда тизимли механизмни жорий қилиш мақсадида InnoX бизнес инкубатори ташкил қилинган. Бу ёшлар ғояларини кичик бизнес лойиҳаларига (стартап лойиҳалар) айлантиришга, мавжуд кичик бизнес лойиҳаларини эса ўқитиш орқали ривожлантиришга қаратилган дастур.

Мазкур инкубаторларда ёшларни инновацион тадбиркорликка ўқитиш ва ўз кичик бизнесини йўлга қўйиши учун 4 ойлик ўқув курслари ташкил қилинади. Мувафаққиятли стартап корхона эгалари ҳамда хорижий экспертлар томонидан ёшларга ҳудудлардаги муаммо ечимига қаратилган бозорбоп маҳсулот тайёрлаш, фаолиятини йўлга қўйиш, маҳсулот сотиш, маркетинг бўйича сабоқ берилади. Аниқ натижага қаратилган стартап лойиҳалар молиялаштириш учун йўналтирилади.

 Авваллари илм-фан кишилари бирор илмий иш, кашфиёт қилса, уни тижоратлаштирадиган механизм қонунчилигимизда йўқ эди. Энди нафақат бирор соҳа етакчилари, балки ёшлар ҳам ғояларини даромадли маҳсулотга айлантирадиган яхлит тизим йўлга қўйилди. Соҳа ривожига қаратилган эътибор сабаб илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига йўл очилди. Давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони билан  инновацион ғоялар ва стартап экотизимни қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини яратиш мақсадида “UzVC” миллий венчур фонди ташкил этилгани соҳа ривожида муҳим омил бўлди.

Стартапларни ривожлантириш учун маблағ ажратадиган бундай молиявий муассасалар ғоянинг маҳсулотга айланиши, шу билан бирга, жаҳон бозорларига чиқишига ҳам хизмат қилмоқда. Ҳар бир стартапнинг истиқболли ёки аксинчалигини таҳлил қилиш учун инвесторда етарлича билим бўлмаслиги мумкин. Венчур фонд инвестициялардан капитал йиғади ва уни истиқболли лойиҳаларга сарфлайди. Энг асосийси, бу жараёнда лойиҳа муаллифлари қарздор саналмайди.

Жаҳон тажрибаси кўрсатадики, инновацияни барча бирдек қабул қилишини кутиш керак эмас. Янги ёндашув бўлгани ва бозорда синовдан ўтмагани учун тадбиркорлик субъектлари инновациядан чўчийди. Соҳадаги ислоҳотларнинг бош мақсади шу қўрқувни енгиб, бозор тамойилларига мослашишни таъминлайдиган методларни амалиётга татбиқ қилишдир. Бунда венчур фондлар ёрдамга келади. Фондлар стартапларга сармоя киритгандан сўнг улар билан фаол мулоқот қила бошлайди. Бозор стратегиясини ўрганиб, бизнес моделларни ишлаб чиқади. Шунингдек, ресурслардан фойдаланишни назорат қилиб, маҳсулотнинг бозорга тез киришини таъминлайди.

Олим бирор лойиҳани ишлаб чиқиб, унинг иқтисодий самарадорлигини исботласа бас. Уни маҳсулотга айлантириш учун йиллаб сарсон бўлмайди. Тадқиқот ўтказиш, маҳсулотнинг илк намунасини яратиш учун бирор корхона эшигида сарғаймайди. Пухта ўйланган тизим боис барчаси тартиб билан кетма-кет амалга ошаверади. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида венчур фондлар томонидан ўттизга яқин  стартап лойиҳага инвестиция киритилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида миллий иқтисодиётни жадал ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва уларни ривожлантириш, юқори қўшимча қийматга эга инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шунингдек, капитал бозорини такомиллаштириш орқали молиявий ресурсларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

 Бугунги кунда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан стартап экотизимини ривожлантириш, лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қанча танловлар эълон қилинган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 100 га яқин лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилди. Стартап экотизимни тарғиб қилиш ҳамда иштирокчиларнинг лойиҳаларни шакллантиришга оид билимларини ошириш мақсадида “Парвоз” ва “Startup Pitstop” дастурлари амалга ошириб келинмоқда.

Масалан, оқшоқ, яъни майда синиқ гуручдан юқори қийматли маҳсулот тайёрлаш лойиҳасини олайлик. Сирдарёлик олимлар уни ун ҳолига келтириб, сўнгра яна бутун дон кўринишида қайта ишлашди. Мана шу биргина янгича ёндашув сабаб унинг қиймати бир неча баробар ошади.

Бундай ёндашувлар геология соҳасида ҳам юқори самара беради. Ҳозирги вақтда таркибида никел бўлган чиқиндилар гидрометаллургия усули билан қайта ишланади. Ушбу усул чиқиндиларда никел миқдори 7,5 фоиздан кам бўлмаган тақдирда рентабел ҳисобланади. Мазкур жараёнда кўп миқдорда кимёвий реагентлар сарфланади ва ўз-ўзидан қаттиқ, суюқ ҳамда газсимон чиқиндиларни зарарсизлантириш муаммоси пайдо бўлади. Яқинда молиялаштирилган стартап лойиҳа кимёвий реагентлардан фойдаланмасдан, таркибида камида 1,05 фоиз никел бўлган чиқиндиларни ҳам қайта ишлаш имконини беради. Натижада саноат корхоналарида тўпланадиган чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда экспортбоп ва ички бозорда талаб юқори бўлган янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.  

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кичик тадбиркорларнинг “оёққа туриб олиши” ва фаолиятини кенгайтириши учун мутлақо янги ёндашув жорий этилиши, соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа тайёрлаб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор, бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит экотизим яратилиши таъкидланди. Шу мақсадда ташкил этилган Бизнесни ривожлантириш банки ташаббускорларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади.  Янги лойиҳаларга зарур мутахассислар жалб қилинади. Тадбиркорлар учун бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматлари кўрсатади. Бу “теша тегмаган” лойиҳаларни амалга ошириб, нафақат маҳаллий, балки жаҳон бозорларидан ҳам муносиб ўрин эгаллаш истагидагилар учун катта имконият. Шунингдек, илмий натижадорликни янада юқори поғонага олиб чиқади.

Кўплаб ривожланган мамлакатларда юникорн, яъни капитализацияси 1 миллиард доллардан ошган  стартаплар тренд даражасига чиққан. Ўзбекистонда ҳам айнан шундай стартаплар бўлишига ишонамиз. Боиси, соҳа ривожига қаратилган ислоҳотлар тобора жадаллашяпти.

Олимжон ТЎЙЧИЕВ,

Инновацион ривожланиш агентлиги директори